Таълим-тарбия, ҳаёт-мамот масаласи унга лоқайдлик қилиш, келажагимизга тош отиш билан баробар

0 434

Давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб вояга етказишга кўмаклашишдан иборат экан, бу борада юртимизда таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, ёшларнинг билим олиши ва касб танлаш борасидаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, спорт иншоотлари замон талаблари даражасида бунёд этилиб, етарли шарт-шароитлар билан тўлиқ таъминланмоқда. Фахр билан айтиш жоизки, кўплаб ёшларимиз ўзларининг интеллектуал салоҳияти билан халқаро олимпиадалар, спорт мусобақалари, қолаверса, барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришиб, юртимиз байроғини, Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб келаётганлиги барчамизни дилдан қувонтиради.


Албатта, мазкур муваффақиятларнинг замирида умумий ўрта таълим мактабларида олинган билим мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Мактаб муқаддас таълим маскани ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унга хиёнат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки, таълимга хиёнат, келажагимизга, давлатга хиёнатдир. Бунга йўл қўймаслик учун мактаб директорларидан катта масъулият талаб этилади. Акс ҳолда, таълим маскани ачинарли аҳволга тушиб қолади.


Афсуски, туманимизда бундай мактаблар йўқ эмас. Яқинда туманда фаолият олиб бораётган Жамоатчилик назорати комиссияси аъзолари  18-умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюрганида таълим масканида юзага келган вазият, бугун мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга мутлақо жавоб бермаслигига гувоҳ бўлишди.


Муаммолар мактаб остонасидаёқ сизни қарши олади. Буюк алломаларнинг ибратли сўзларидан келтирилган паннолардаги ёзувларда ҳарфлар тушиб қолган. Тўлиқ ўқишнинг имкони йўқ. Ҳарфлар тушиб қолган бўлса, нима бўлибди, шу ҳам фожеами,  дея ўйласангиз хато қиласиз. Ҳар куни мазкур бинога ёш авлод вакиллари кириб чиқади. Улар ўша ёзувни кўриб катта бўлишади. Бу уларнинг тафаккури ривожига салбий таъсир қилмайдими?!


Шунингдек, мактаб ҳудудида етарли ободонлаштириш ишлари олиб борилмаганлиги сабабли атрофда кишининг таъбини хира қиладиган манзарага гувоҳ бўлиш мумкин.


Ажабланарлиси, Ишчи гуруҳи вакиллари мактабга боришганида эрталаб соат 8:00 да машғулотлар бошланиши лозимлигига қарамасдан  таълим масканида бирор киши йўқ. Мактабга ўқувчилар кела бошлади ҳамки, на қоровул, на бошқа бир мутасадди бор. Мактаб эса қулф. Айланма эшик орқали мактабга кириб борилганда синфхоналар ҳали очилмаганлиги, коридорда эса ўз ҳолича ташлаб кетилган буюмларни кўриш мумкин. Айниқса, дарслар бошланиш вақти бўлди ҳамки синфхоналар очилмади. Ўқувчилар коридорда ўқитувчиларини кутиб қолган. Мактаб директори ва бошқа масъулларнинг ишга кечикиб келаётганлиги ушбу таълим даргоҳида интизом йўқлигидан далолат беради. Бу борада на бирорта ота-она, на ҳудуддаги жамоатчилик жиддий эътибор қаратмаётганлиги кишини чуқур ўйга толдиради. Ҳудуд профилактика инспекторининг ҳам таълим масканини етарлича назорат қилмаслиги, машғулотлар қачон бошланиб, қачон тугаши ҳақида тузукроқ маълумотга эга бўлмаганлиги "боқибеғам" мактаб масъулларига ишни ўз ҳолига ташлаб қўйишга янада имкон берган. 


Шунингдек, айни қишнинг совуқ кунларида мактабда иситиш тизими етарлича ишламайди. Бу эса ўқувчиларнинг совуқ хоналарда таълим олишига тўғри келаётир. Синф¬хоналарга ўрнатилган печкалар ичи чиқинди ва қоғозларга тўлиб кетган. Бу вазият бирор кишини ташвишга солмаган. 


Мактаб биноси ва синфхоналари анча таъмирталб ҳолга келиб қолган. Зах тортган, кўчиб тушган деворлар шундан далолат беради. Синфхоналар эшик-деразалари, парта-стуллар маънан эскириб кетганлиги, бу борада таълим муассасаси раҳбарларининг ўзбўларчилик кайфиятида иш олиб бораётганлигини кўрсатиб турибди.


Энг ачинарлиси, мактабда санитар-гигиеник аҳвол бутунлай издан чиққан. Белгиланган меъёрларга умуман жавоб бермайди. Ҳар қадамда антисанитария ҳолатларига дуч келиш мумкин. Жумладан, синфхоналарда тозаликка етарлича эътибор берилмаган. Ҳожатхоналарга қадам босиб бўлмайди.


Бугун мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуслари билан таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш йўлида улкан ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда ушбу умумтаълим мактабида юзага келган аҳвол билан мутлақо муроса қилиб бўлмайди. Бу эса халқ таълими тизимида муаммолар жуда кўплигини яққол кўрсатиб турибди. Бу ерда ғирромлик қилишнинг, яширишнинг ҳам кераги йўқ. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Таълим даргоҳи мутасаддилари ёш авлод таълим-тарбияси масаласига масъулиятсизлик билан қараётган экан, бу борада ота-оналар, жамоатчилик вакилларининг эътибори нега четда қолмоқда?


Мактаб - бу таълим-тарбия ўчоғи, деймиз. У ерда тарбияланаётганлар фақат намунали, фойдали, ҳаётий, ижобий воқеа ҳодисалардан тегишли хулосалар чиқаришга мойил ёшлардир. Аммо бундай шароитда қандай қилиб қониқарли даражада билим олиш мумкин?! Ўқувчилар синфхоналарда совуқдан асралишни ўйласинми ёки билим олишни? Ўқитувчиларнинг ишга бўлган муносабатини юқоридаги ҳолатлардан кўрдик. Бундай масъулиятсиз педогоглар ёшларга зарур билимни етарлича бера оладими? Албатта йўқ.


Шундай экан, ўқувчиларнинг айни билим оладиган вақти зое кетмаяптими? Уларнинг бекор ўтган умрига ким жавобгар бўлади? Бу таълимга, ёш авлод келажагига, қолаверса, давлатга хиёнат сифатида баҳоланмайдими!? Ахир, бола мактабга келганда кўпроқ ўқитувчи билан мулоқотда бўлади. Ўқитувчилар эса ўзларига билдирилаётган ишончга панжа орасидан қараса додингни кимга айтишни билмайсан. 


Ўз Ватани келажаги ҳақида қайғурмайдиган бундай педагогларни, туман таълим тизимига масъул бўлган мутасаддиларни ким деб аташ мумкин!? Билмадик, тўғриси, ушбу вазиятни яхши томонга буришга сўз ожиз. Яхшиямки, туман ҳокимлигининг ташаббуси билан таълим муассасаларидаги ҳақиқий аҳвол, вазият ва жараёнларни ўрганиш бўйича жамоатчилик вакилларидан иборат Ишчи гуруҳнинг эътиборига тушибди. Ўрганиш натижалари яқинда таълим тизими масъул раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда атрофлича муҳокама этилди. Хулоса ўзингиздан. Сабаби, таълим ҳаёт ва мамот масаласи эканлиги барчамизга маълум.


Мактаб яна обрў-эътиборга эга масканга айланишини, инсонлар у ерга талпинишини, болалар аълочи ўқувчи бўлиш - бу зўр, деб айтишларини хоҳлар эканмиз, билимга бўлган бу муносабатни ўзгартириш лозим.

 
Акс ҳолда, бундай ачинарли ҳолга тушиб қолган тизимда ёшларни билимли, баркамол ва маънавиятли қилиб тарбиялаб бўлмайди.


Мактабдаги жараёнларга ота-оналар жалб этилмаса, жамият бунга бефарқ қараса, бу соҳада муваффақият қозониш мумкин эмас. Шу нуқтаи назардан таълим тизими ва мактабларда жамоатчилик назоратини кенг йўлга қўйиш лозим.


Шунингдек, тумандаги таълим тизимида камчиликларни бартараф этиш учун зарур чора-тадбирларни амалда қўллаш керак. Ваҳоланки, 18-умумий ўрта таълим мактабидаги салбий ҳолатлар чора-тадбирлар фақат қоғозда қолиб кетганини яққол кўрсатиб турибди.


Тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга, мактаб раҳбарлари ўз фаолиятига танқидий кўз билан қарашга, ҳар бир машғулотга катта бир тадбир сифатида жиддий эътибор қаратишлари лозим. Акс ҳолда, таълимга бўлган бундай хиёнатни келажак авлод ҳам, Ватан ҳам кечирмайди. 

Ўз мухбиримиз.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ