Маънавиятга тош отаётган фильмлар

0 150

Юртимиз телеканалларида эфирга узатилаётган “Дугонажонлар”, “Бедор туйғулар”, “Омонат”, “Залолат”, “Кўча”, “Изтироб”, “Юраклар жангги”, “Қадам”, “Журналист”, “Қора атиргул” ва бошқа ўзимизнинг сериалларимизни кўраяпсизми?

“Фазилат хоним қизлари”, “Жасур ва гўзал”, “Ишқ соҳиллари”, “Хонадон”, “Зулейҳа”, “Гуллар изтироби”... сингари турк сериаллариничи? Иккала сераиаллар ўртасидаги фарқ нимада? Назаримда, ҳар иккаласида кўтарилган мавзулар, қаҳрамонларнинг ҳаёт тарзи, орзу-мақсадлари, оилавий муносабатлар тасвири бир-бирига жуда яқин. Ҳатто, айримлари бири иккинчисини такрорлайди. Шу жиҳатдан ҳар иккала миллат сериалларни томоша қила туриб, воқеалар қайси макон ва замонда юз бераётганини фаҳмлаш мушкул.
Аммо, улар ўртасидаги фарқ нималардан иборат? Бизнингча, улар ўртасидаги ягона фарқ – бу уларнинг ўзбек ва турк ижодкорлари томонидан суратга олинганидир.
Яна бир савол: хорижни қўя турайлик, ўзимизнинг ўзбек сериалларида ҳақиқий ҳаёт қай даражада тасвирланган? Ёхуд киноасарни суратга олишдан мақсад нима?
Бундай саволлар атрофида мулоҳаза юритишимизга нима сабаб бўлаётир?   
Телесериалларни бирма-бир кузатаркансиз, юқоридаги саволларга жавоб топгандек бўласиз? Балки, бу борадаги муаммолар сизни ҳам қийнаётгандир. Хуллас, номлари саналганда, охири кўринмасада, ўзбек характерини очиб берувчи, халқимизнинг азалдан шаклланиб келган қадрият ва анъаналарини ўзида мужассам этган, маънавий етук киносериалларни кам учратаяпмиз. Борлари ҳам анча йиллар илгари суратга олинган. Бугунги кунда, замонамизга ҳамнафас, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт инъикосини намоён эттириш қабилида ишланаётган сериалларни томоша қила туриб уларга нималардир етишмаётганига амин бўламиз. Бу бўшлиқнинг нималардан иборатлигини, келинг, тушунганимизча ва англаганимизча қайд этсак...
Катта ва ўрта ёшли авлод вакилларининг кўнглидан жой олган “Чархпалак”, “Жийда гули”, “Опа-сингиллар”, “Меҳмонжонлардан айланай” каби миллий сериалларимизнинг муваффақияти нимада эди? Ушбу киноасарларда соф инсоний туйғулар, ҳаётий вазиятлар, тақдирлар, қаҳрамонлар характери ва ҳаракатлари самимий ва ишонарли тарзда ишланганида, десак, фикримизга қўшиласизми? Яъни, бу сериалларни томоша қилганингизда фильм воқеалари ҳамда актёрлар талқинидаги табиийлик сабаб бирор кадрга нисбатан шубҳаланмайсиз. Киноасар сюжети изчил, энг муҳими, ишонарли тарзда ривожланиб боради. Фильмнинг томошабоплиги, биринчи галда, шунга боғлиқ.
Албатта, ушбу талаблар, аввало, фильмни суратга олишга масъул бўлган режиссёрнинг вазифаси. Сўнгра, ижодий жамоанинг бутун иш давомида бир ёқадан бош чиқариб ишлашига боғлиқ. Бироқ, бадиий асар, қандай кўринишда бўлмасин, у реал ҳаётда содир бўладиган воқеа-ҳодисаларни аслига мутаносиб тарзда ифодалаши керак. Юқорида номлари саналган сериалларни олайлик, деярли барчасида келинига кўз олайтирган қайнота, янгасига уйланмоқчи бўлган қайноға, эрига ёки хотинига хиёнат қилаётганлар, бой ва камбағал хонадон вакиллари ўртасидаги моддий (аҳамият беринг, маънавий эмас) тафовут, бойваччаларнинг ўйинқароқ тақдири, енгил табиатли аёллар, биринчи эридан туғилган фарзанд, иккинчи хотинининг хуштори, осон йўл билан бойликка эга бўлиш, душмандан қасд олиш уюшган жиноий тўдалар фаолияти ва шунга ўхшаш мавзуларда сўз боради. Энди айтингчи, ушбу мавзуларнинг қай бири томошабинга эстетик завқ бағишлайди. Қай биридан ибрат олса, арзийди. Қайси бир қаҳрамонга ҳавас қилайлигу, қайси бир воқеадан хулоса чиқарайлик?
Саволлар бисёр, жавобга келганда эса...
Сеариалларни кузата туриб (аслида бир қисмини кўра туриб ҳафсаланг пир бўлади) “Наҳотки, бизда ибрат олса арзигулик воқеалар, бир поғона баландда юрган замонамиз қаҳрамонлари бўлмаса?!” деган саовол туғилади. Юртимизда иқтидорли инсонлар, талаба ёшлар кўп. Дунё нигоҳини қаратган спортчиларимиз бор. Жаҳон аҳлини лол қолдираётган санъатимиз, ҳунарларимиз, янгилигу кашфиётларимиз бор. Бундан ташқари, олис-олис қишлоқларда, маданият ва маънавият марказларидан анча йироқ, ҳатто, ривожланишдан орқада қолган дашт-адирларда чўпонлик , деҳқончилик қилаётган оддий, аммо, одамийлик ва саховатда тенги йўқ юртдошларимиз бор. Хорижга ишлаш учун кетган юртдошларимизнинг мураккаб ҳаёти ҳақида фильмлар нега йўқ? Қишлоқ ёшлари орасида ноёб иқтидор эгалари етишиб чиққан. Нима сабабдан улар ҳақида фильмлар суратга олинмайди? Нима учун ижодкорлар соф муҳаббат синови, ҳақиқий ҳаёт, оддий одамларга бағишланган мавзуларда қалам тебратишмайди. Фақат пойтахтдаги иккита бой хонадон фарзандию, қуда-андалар ўртасида мол-мулк можароси, ижарада яшаб юрган йигитнинг бир фурсат ўтиб, катта фирма директори бўлиб қолиши ҳақидаги кинофильмлар суратга олинаверадими? Ижодкор изланувчан бўлиши керак эмасми? Ҳалқнинг ҳамма қатламининг яшаш тарзи, ўй-кечинмалари, ташвишлари ижодкорни қизиқтирмайдими?
Гапнинг индаллоси, ўсиб келаётган ёш авлодни маънан етук ва баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш ҳақида кўп бора гапиргандан кўра бадиий тасвирлар орқали кўрсатиб берган афзалроқ. Ахлоқсиз саҳналарга бой, маънавиятсиз, тарбиясиз ота-оналар ёхуд ёшлар ҳаётини кўрсатиб бергандан кўра, олдига улкан мақсад қўйган, ўз меҳнати ила зафар қучаётган ёшлар, фарзандлари, набираларига ҳақиқий инсоний фазилатлари ила ўрнак бўлаётган отахону онахонлар, ҳаёт ҳақиқатига ҳамоҳанг воқеалар тасвири талқинидаги сериаллар кўпайса, маънавиятли, маърифатли инсонлар кўпаяди. Зеро, санъат ҳамма вақт инсонларнинг руҳиятига, орзу ва мақсадларига, тарбиясига, хоҳ ижобий бўлсин, хоҳ салбий, ўз таъсирини ўтказиб келган. Буни киноижодкорлар асло унутмасликлари керак.


Ҳулкар УЗОҚОВА
samarkandnews.uz




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ