А.Қодиров: Жарқўрғондаги воқеа одатларни ўзгараётганлигидан далолат. Мувозанат тикланмоқда

0 133

Мамлакатимизда Конституцияга асосан ҳокимият бўлинган ва бир бирини мувозанатда ушлаб туради. Президент давлат бошлиғи сифатида бу мувозанатни бошқаради.

Нега Ўзбекистондаги ислоҳотлар депутатлар (қонун чиқарувчи ҳокимият) ва қозилар (суд ҳокимияти) ҳокимиятини ислоҳ қилишдан бошланди?
Чунки ўзини ўзи обрўсизлантирган парламент ва суднинг самарали ишлаши учун қаддини тиклаш зарур эди.

Халқ кўзида Парламент «қўл кўтариб тушириб турадиган», суд ҳокимияти эса «пул берсанг хоҳлаган ҳукмингни чиқариб берадиган» механизмга айланиб қолган эди.

Тўғри, охирги 5 йилда ҳар иккала ҳокимият тубдан ўзгарди ва ўзгаришда давом этмоқда.

Бугун ҳукуматдан ҳисоб сўрайдиган, қонун лойиҳаларини рад этадиган депутат ва ҳеч кимдан қўрқмасдан адолатли қарорни қабул қила оладиган судьялар пайдо бўлди.

Албатта, ҳаммаси десак бўлмайди, лекин жараён бошланди... Халқнинг хотираси 5-10 йилда эмас, 40-50 йилда янгиланишини ҳисобга олсак ҳурмат ва дастакка ҳали вақт бор...

Ижро ҳокимияти-чи? Халқимиз яхшилик қилганга қирқ йил қуллуқ қилади. Ижро ҳокимияти керак пайтда, керак жойда йўлни текислайди, арзон нархда ун тарқатади, газ босимини кўтариб беради... хуллас, халқнинг «оғзини мойлайди». Одамлар депутат ва қозилардан нима яхшилик кўрибдики, уларни ҳимоя қилса... Имконияти даражасида яхшилик қилган депутатни иккита одам мақтаса қолган икки мингта одам ёмонлайверади. Қозиларда эса яна ҳам ёмонроқ ҳолат – ҳар қандай адолатли ҳукмнинг иккинчи томони «адолатсиз» бўлаверади. Буёғи ўзбекчилик...

Депутат ва қозининг иши гап, қоғоз, ҳокимиятники эса халқнинг қозонига тушади. Бугун одамларга ҳуқуқ ва мажбурият, келажакда ҳолимиз нима бўладидан гапирма, қозондан гапир...

Юқорида айтиб ўтилганидек қилинаётган ишлар натижасида ҳокимиятлар орасидаги мувозанат тартибга тушяпти... депутатлар вазирларни танқид қиляпти, қозилар ҳукмларни ҳокимлардан олмай қўйишди... қўрқмай ваколатларида бор бўлганини қилишмоқда. Бу шундай бўлиши керак бўлса-да одатдагидек эмас. Одатлар осонгина ўзгармайди, албатта қаршиликлар бўлади.

Айбдорлар жазоланади, ҳақиқат тикланади, шубҳам йўқ.
Жарқўрғондаги воқеа одатларни ўзгараётганлигидан далолат. Мувозанат тикланмоқда.


Алишер ҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
«Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ