Гулдек оилани бузган SMS...

0 174

Қўқон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Аёллар ижтимоий реабилитация ва мослашув маркази мутахассислари ўрганиб, муҳокама қилган бир воқеа тафсилотини эшитиб, беихтиёр Парвардигори оламнинг: “Эй Пайғамбар аёллари! Агар тақводор бўлсангиз, (ўзга) аёлларнинг бирортаси каби эмасдирсиз. Бас, сизлар (номаҳрам эркакларга) майин сўз қилмангиз, акс ҳолда қалбида бузуқлик бўлган кимса (сиздан) таъма қилиб қолур. Яхши (тўғри) сўзни сўзлангиз!” (Аҳзоб сураси, 32-оят) калимаси қалбимни титратиб ўтди. Гарчи хитоб Набий алайҳиссалом завжаларига қаратилган бўлса-да, барчамизга бевосита таллақли эканини ҳаёт тез-тез таъкидлаб туради.

...Уч фарзандли аёл янглишиб бошқа телефон рақамига пул тўлаб қўйганидан кейин ўша рақам эгаси билан боғланиб, пулни ўз телефонига ўтказиб беришини сўрайди. Нотаниш одам(эркак)дан эса “Овозингиз ёқимли, майин экан. Гаплашиб турсак бўладими?” мазмунида SMS келади. Ёзишмалар бошланиб кетиб шу даражага етадики, эркак аёлнинг гапларини ўқигани сайин “Бу ҳаётда анча қийналган, қалби ўксиган қиз экан”, деган фикрга келади ва ғойибдан (SMSлар орқали) унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилади.

Хотинининг телефондаги ёзишмаларини ўқиб қолган эр ва бундан хабар топган қайнона аёлни хиёнаткорликда айблашмоқда, оила бузилиш арафасида, уч фарзанд чирқиллаб турибди.

– Мен у аёлнинг эри, фарзандлари борлигини билмадим, кўрганим ҳам йўқ, – дейди SMSлар ёзган – ҳали уйланмаган йигит алоҳида суҳбатда. – Агар оила бузилиб кетса, бир умрлик изтиробда қоламан.

– Отам ўлган, онам билан синглим четга ишлагани кетишган. Турмуш қурганимизга ўн йил бўлди. Дастлабки беш йилда эрим билан аҳил-иноқ эдик. Лекин кейин у бошқа аёлга айланишиб қолди, қайнонам бу ҳолни билиб билмаганга олади. Эримнинг мен билан унчалик иши йўқ. Ёлғизман, дардимни кимга айтишни билмайман, – деб йиғлайди аёл. Бу гап билан ўз ёзишмалари сабабини изоҳламоқчи бўлади, аммо...

“Агар овози табиатан ёқимли, майин бўлган тақдирда ҳам, нотаниш эркак одоб чегарасини бузиб мулозамат-мақтов қилган дастлабки лаҳзалардаёқ аёл “Пулимни телефонимга қайтаринг” қабилидаги жиддий илтимос билан гапга нуқта қўйиши тўғри йўл бўларди. Танимаган, билмаган одамингга (бировнинг хотини ва уч боланинг онаси эканингни айтмасдан) аҳволу ҳолингни дастурхон қилиб, кўнглинг яримлигини билдириб ҳис-туйғуларга берилиш – ўзинг никоҳида бўлган эркакка хиёнат. Оила сирини бегонага айтиш яхшимас, бу билан нимага эришди?” – воқеадан хабардор бўлганларнинг аксарияти шундай фикрда.

Онам раҳматлининг бир ажойиб одат-ўгитлари ёдимга тушди: қўни-қўшни, қариндош-уруғдаги аёллардан биронтаси эри ёки қайнонасидан нолиб, хафа бўлиб қолса, “Шундай пайтда сиз болаларингизга қаранг. Улар қандай ширин, сизнинг энг катта юпанчингиз. Гаплашинг, бирга ишларингизни бажаринг, кўнглингиз ёришади”, дер эдилар. Ҳақиқатан ҳам, аёл Аллоҳнинг энг бебаҳо неъмати – уч фарзандга она бўла туриб, уларнинг шукрини қилиб, қувончу ташвишлари билан яшамай, “Ёлғизман, дардимни кимга айтишни билмайман”, деб ўзи танимаган одамга ҳис-туйғуларини ошкор этишини ҳеч ким оқламаса керак.

Яна бир мулоҳаза: қарс икки қўлдан чиқади. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: “Имони энг комил мўмин хулқи энг гўзалидир. Сизларнинг энг яхшиларингиз аёлларига яхши муносабатда бўлганидир” (Имом Термизий ривояти) деган ҳадислари барча оила бошлиқларига ҳар куни тўғри йўл кўрсатиб турадиган насиҳат, ибратдир. Юқоридаги воқеага қайтсак, агар оила қурилганининг дастлабки йилларидаги аҳилликни, ўзаро меҳр-ҳурматни асраб, мустаҳкамлашга эру хотин бирдек сабр-тоқат, яхши ният билан ҳаракат қилишганда, кўнгилхираликлар, ишончсизликларга йўл очилмасмиди...

Бугун хотинидан норози эр ажралиш нияти қатъий эканини айтмоқда, рўзғори бузилса борадиган жойи йўқ аёл-она эса ўзини оқлашга уринади, аро йўлда турган уч болани катталар унутгандек... Уламолар адашган аёлини кечириб, уни тўғри йўлга солиб, оилани сақлаб қолган эркакка алоҳида савоб берилишини айтганлар. Оила бошлиғи ҳиммат, шафқат, фарзандлари олдидаги масъулиятга садоқат билан хайрли йўл тутса, нур устига нур бўларди.

Бусиз ҳам турфа ва кутилмаган воқеалар сабабчиси – телефондаги шунчаки, ўйлаб-ўйламасдан, кўнгил майлини енголмай амалга оширилган SMSларга алоқадор одамларни овоза этмоқ учун қоғоз қораламадик. Қуръони каримда аёлларга қарата яна марҳамат қилинади: “Ўз уйларингизда қарор топингиз, (кўчага чиққанингизда) илгариги жоҳилият (даври) ясанишидек ясанмангиз! Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этингиз!..” (Аҳзоб сураси, 33-оят).

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ мўмина аёлларга овози, туйғулари, либосию юриш-туришигача бегона эркаклардан ҳаё-андиша ниқоби билан тўсишни буюрган. Шунда уларнинг қалби ҳаловатли, ҳаёти осойишта кечади, иншааллоҳ. Мулоҳазаларга шу ўринда нуқта қўймоқчийидим, ногоҳ ўйлаб қолдим: қўл телефонларимизга ижтимоий тармоқлар орқали “оқиб” келаётган суратларнинг аксари аёллар, қизларнинг қиёфалари.

Кап-катта ёшли бувилар ҳам боғдаю тоғда гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ кийиниб, ўйнаб-кулиб юрган-турганидан оламга хабар беришга ружу қўйиши оддий ҳолат бўлиб қолди. Улардан қолишмасликка уринаётган қизлар, қизчалар қанча!.. Ҳаё пардалари кўтарилган расмларни кўргач, нафснинг, шайтоннинг қутқусига таслим бўлган қалбларда бу оналар, опа-сингиллардан нималарнидир ошкору пинҳон тама қилиш нияти туғилиб, оқибати нохушлик билан тугаётгани ҳам янгилик эмас.

Аёл (эркак)лик шаънига, давлат, шариат, инсонийлик талабу қоидаларига зид бўлган ҳар қандай ҳаракат, қадамни “Одамлар билмайди, кўрмаяпти-ку!” деб ўзимизни алдамайлик. Зеро, то тирик эканмиз, барча амалларимизга муносиб ажру мукофот бериши муқаррар бўлган Ҳақ таоло кузатувидамиз.


Манба: Azon.uz 




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ