ҲИМОЯ ОРДЕРИ БЕРИЛДИ

0 181

Маълумки, 2019 йил сентябрида «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» қонун эълон қилинганди. Мазкур қонун ҳақиқатан ҳам ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизларни ўз вақтида аниқлаб, уларга нисбатан якка тартибдаги, манзилли профилактик чора-тадбирларни қўллаш имкониятини беради.

Тумандаги Қоқсой маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Д.Даминова томонидан келиб тушган мурожаат бўйича Каттақўрғон туман ИИБ ХҚМБ катта инспектори, лейтенант Д.Бегназарова, худудий профилактика инспектори, мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда мутахассиси биргаликда Фазлиддин Номозов хонадонида бўлишди. 
Аниқланишича Ф.Номозов қонуний никоҳда бўлган Дилафрўз Даминова ва шаърий никоҳдаги Жамила Қаршиевалар билан бир хонадонда яшаб келади ва табиийки бу икки кундошлар ўртасида доимий низолар бўлиб туради. Д.Даминова 4 нафар фарзанди борлигини, Ж.Қаршиева эса 2 нафар фарзандини рўкач қилиб ўзаро муросага кела олмайдилар.
Ушбу хонадондаги вазиятни ўрганиш давомида улар ўртасидаги ўзаро жанжал тобора авж олиб бораётгани, унинг олди олинмаса оқибати жиноятга бошлаб келиши мумкинлиги эътиборга олиниб,  маҳалла билан келишган ҳолда уларни алоҳида яшашлари керак деган хулосага келинди ҳамда иккала аёл алоҳида уйларга кўчирилди. Шунингдек, уларнинг ўзаро ҳар қандай алоқаси таъқиқланди. 
Ф.Номозов томонидан Д.Даминовага нисбатан бир неча бор руҳий ҳамда жисмоний тазйиқ ўтказилганлиги сабабли Фазлиддин билан профилактик суҳбат ўтказилиб, Д.Даминовага 0000199 рақамли ҳимоя ордери берилди ҳамда унга бу ҳимоя ордери ҳақида тушунча бериб ўтилди.
Мазкур оиладаги ички вазият барқарорлашгунига қадар Қоқсой маҳалла фуқаролар йиғини мутахасиси ва ушбу ҳудуд профилактика инспектори  Ф.Номозов хонадонига мураббий этиб бириктирилди.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, ҳар қандай ҳолатда ҳам аёллар ўзлигини, менталитетини йўқотмасин. Бундан ҳимоя ордеридан қандайдир қурол сифатида фойдаланмаслик, оиладаги маънавий муҳитнинг бузилишига олиб келмаслик, ҳимоя ордеридан ғаразли мақсадларда фойдаланмасликларини истаб қолардик.


Дилноза Бегназарова, 
Каттақўрғон тумани ИИБ ХҚМБ катта инспектори, лейтенант.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ