Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот масаласи

0 299

Яқинда Каттақўрғон туман мактабгача таълим бўлимида “Бугунги куннинг мактабгача таълим муассасаси қандай бўлиши керак?” мавзуида тарбиячи педагоглар учун ўқув-амалий семинари бўлиб ўтди. Семинарда келажак авлод – фарзандларимизни таълимнинг илк босқичига жалб этиш, ёш авлодни эндигина шаклланаётган тафаккурига чин маънода интеллектуал билимларни сингдириш орқали мустаҳкам пойдевор  ясаш лозимлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Бир оддий ҳақиқат барчамизга маълум. Чиндан ҳам болалар боғчасида тарбия олиб мактаб остонасига қадам қўйган бола билан оила қучоғидан тўғри мактабга чиққан болада ҳар томонлама тафовут катта бўлади. 


Шу боисдан мамлакатимизда тизимни жаҳон андозаларига мос равишда ривожлантириш ишларига Президентимизнинг ўзлари алоҳида эътибор қаратмоқда.


Таҳлилларга эътиборимизни қаратадиган бўлсак, туманда 2018 йилгача бор йўғи 44 та мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатиб келган. Улардаги тарбиявий жараёнлар, моддий-техник база, кадрларга қўйилган талаблар гўёки эътибордан четда қолган эди. Ҳукуматимиз томонидан қўйилган талаб, туманда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси бугун туманда  58 та мактабгача таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. У ерда олиб борилаётган ишлар тубдан такомиллаштирилиб, тарбиявий жараёнлар, соғлом овқатлантириш, шарт-шароитларни яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бир ҳақиқатни тан олишимиз керак, ҳар қандай истеъдод, иқтидор боғчада шакл топиб ривожланади. Бу масалага сидқидилдан ёндашмас эканмиз, эртанги кунимизга лоқайдлик билан қараган бўламиз.

Туманимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 апрелдаги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 30 июлдаги “Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарорлари асосида 27 та давлат-хусусий шерикчилик асосида, 74 нафар ташаббускор тадбиркорлар томонидан оилавий нодавлат таълим муассасалари ташкил этиш борасидаги ишлар аста секин ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Жумладан 50 ўринга мўлжалланган “Миттижон” ҳамда 50 ўринли “DREAM KIDS”  давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасаларининг ишга туширилиши бу борадаги ишларнинг бошланиши дейишимиз мумкин. Тез фурсатларда яна 60 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг ишга тушиши натижасида қўшимча яна 1 500 нафар болажонлар мактабгача таълим тизимига қамраб олинади ва туманда 3-7 ёшлиларни тизимга қамров даражаси 32% ташкил этади.
 
Бугунги кунда 58 та давлат мактабгача таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган 418 нафар педагогларнинг 89 нафари олий маълумотли, 7 нафари тугалланмаган олий маълумотли ходимларни ташкил этади.  

2018 йилда 5 та давлат мактабгача таълим муассасалари Давлат инвестиция дастури асосида қайта қурилиб, 1 та давлат мактабгача таълим муассасаси “Обод қишлоқ” дастури асосида янгидан қурилди ҳамда 1 та давлат мактабгача таълим муассасаси “Обод маҳалла” дастурлари асосида капитал таъмирланди.

Яқинда таълим муассасаларига 103 турдаги турли хил ўйинчоқлардан 9 724 дона, 4 турдаги 1 940 дона ўқув қўлланмалари тарқатилди.

Мактабгача таълим муассасалари раҳбар-ходимлари иштирокидаги семинар ишида болаларни соғлом овқатлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли сақлаш, кичик кутубхоналар ташкил этиш, “Илк қадам” Давлат талаблари асосида таълим-тарбия жараёнини сифатли ташкил этиш, педагог кадрларнинг кўникма ва малакаларини шакллантириш, тарбияланувчиларни мактаб таълимига тайёрлаш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, ҳар бир болани муассасаларга қабул қилишни регламент асосида амалга ошириш,  ўқув жиҳозларидан таълим-тарбия жараёнида ўринли ва самарали фойдаланиш, уларни сифатли сақлаш, муасссасада ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, янги педагогик технологиялардан фойдаланиш, ҳар бир муассаса мудиралари томонидан Вазирликнинг “Open EMIS” таълимни бошқаришнинг ахборот тизими фаолиятини тартибга солиб бориш, тизимга маълумотларни мунтазам равишда киритиш, мактабгача таълим муассасаларида Кузатув кенгаши фаолияти ташкил этиш, энг муҳими ижро интизомига тўлиқ риоя этишни назоратдан чиқармаслик лозимлиги масаласида атрофлича фикр-мулоҳазалар юритилди.
Шу ўринда буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулло Авлонийнинг  “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган гаплари замиридаги чуқур ҳикматни яна бир ёдга олмоғимиз лозим. Негаки, қайси соҳани олмайлик, биз замонавий етук кадрларни тарбияламасдан туриб бирон-бир ўзгаришга, фаровон ҳаётга эриша олмаймиз. Бунда миллатнинг соғлом генофондини тайёрлаш, интеллектуал салоҳиятли ва билимли авлодни вояга етказишда тизим ходимлари олдида улкан масъулиятли вазифа турибди.

Тоштурди Алқаров,
Каттақўрғон туман мактабгача таълим бўлими мудири




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ