КЕТГАННИНГ ЖОНИ КЕТДИ

0 97

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг очиқ суд мажлисида Каттақўрғон туманида туғилган, ўрта маълумоти, оилали, тўрт нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз, Каттақўрғон тумани «Боғот» маҳалла фуқаролар йиғини Қўрғон кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Арслон Юсупов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилди.  

Судланувчи А.Юсупов 2020 йил 19 февраль куни соат 15 ларда Каттақўрғон тумани «Каттаминг» МФЙ ҳудудидан ўтувчи «Кадан-Хатирчи» 4Р-48 автомобиль йўлининг 107-километрида фуқаро М.Муродовга тегишли «ISUZU SAZ NP 21» русумли 30Z 035 QA давлат рақам белгили автобусни бошқариб кетаётиб, ўзи билан бир йўналишда велосипедда ҳаракатланиб кетаётган Ж.Аллаёровни уриб юбориб, йўл-улов ҳодисаси содир қилганлиги натижасида Ж.Аллаёров «оғир тан жароҳати» олиб, Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонада вафот этишига сабабчи бўлган.
Суд қарорига кўра А.Юсупов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 1 (бир) йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ҳамда унга иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 (уч) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. 
Жиноятчи ўзига тегишли жазосини олди. Лекин, эътиборсизлик туфайли бир инсоннинг умри бевақт хазон бўлди. Ҳайдовчи томонидан белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинганида эди бу бахтсиз ҳодиса балки бўлмасмиди? 
Халқимизда “Кетганнинг жони кетди”, деган нақл бор. Эътиборлироқ ва ҳушёрроқ бўлайлик, азизлар!


Б.Норматов,
Вилоят прокуратураси 15-бўлим бошлиғи.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ