Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг қарори қалбакилаштирилган. Оқибатда...

0 195

Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимига Х.Аминова мурожаат қилиб, яшаб турган уй-жойини қайнотаси Эркин Аминовга ҳадя қилиб юборганлигини, оқибатда уйдан чиқариб юборилганлиги билдирди. Ушбу масалани қонуний кўриб чиқиб, ҳал этишда амалий ёрдам берилишини сўраган.

Мурожаатни ўрганиш давомида мурожаатда қайд қилинган уйга Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 2008 йил 28 июлда 340-Қ-сон қарори билан Сайпилло Аминов номига эгалик ҳуқуқи тан олинганлиги аниқланди.
Масала юзасидан Каттақўрғон шаҳар давлат архивига мурожаат қилиб, шаҳар ҳокимининг 2008 йил 28 июлдаги 340-Қ-сон қарори ва унинг қабул қилинишига асос бўлган ҳужжатлар нусхаларини тақдим этишини сўрадик.

Қарор сохта экан
Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 340-Қ-сон қарори 2008 йил 2 июлда қабул қилинган экан. Яна бир эътиборли жиҳати, қарор Каттақўрғон шаҳар Ингичка қўрғончаси, Нуробод МФЙ, Охунбобоев кўчаси, 4-уйда яшовчи фуқаро Келсин Жўлиевага вояга етмаган 1994 йил 29 ноябрда туғилган Меҳригул Норбобоева Акрам қизига нисбатан васийлик белгилаш тўғрисида бўлган. Бундан ташқари, қарорни ўша пайтдаги Каттақўрғон шаҳар ҳокими Ф.Зайнуддинов имзолаган.
Кунжипай ўтар кўчаси 10 уй-жойга, Сайпилло Аминов номига эгалик ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 2008 йил 28 июлда 340-Қ-сон қарорида эса шаҳар ҳокими Ф.Зайнуддиновнинг имзоси йўқ. Қарорга “аслига тўғри” деб ёзилиб, ноъмалум шахс имзо қўйган ва шаҳар ҳокимлигининг муҳри босилган.
Шунингдек, бу қарор қабул қилинишига Фуқаролик кодексининг 187-моддаси асос қилиб олинган. Ваҳоланки, ушбу моддада мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка 15 йил давомида ёки бошқа мол-мулкка 5 йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олиши белгиланган.
Ушбу ҳолатлар Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 2008 йил 28 июлдаги 340-Қ-сон қарори қалбакилаштирилганлигини тасдиқлайди.

Фуқаро уй-жойидан айрилди
Ҳоким қарорининг қалбакилаштирилиши уй-жойнинг бир неча бор бир фуқародан бошқаси номига расмийлаштирилишига ва низоли ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган.
Хусусан, ҳокимнинг қалбаки қарори асосида Каттақўрғон шаҳар, Кунжипай ўтар кўчаси, 10 уй-жойга Сайпилло Аминов номига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган.
Сайпилло Аминов эса сохта ҳужжатлар билан ўзлаштириб олган уйни Эркин Аминовга ҳадя қилган. Бу ҳаракат Каттақўрғон шаҳар давлат нотариал идорасининг 2010 йил 16 октябрдаги ҳадя шартномаси билан мустаҳкамланган. Кейинчалик Каттақўрғон шаҳар Кунжипай ўтар кўчаси, 10 уй-жойга Эркин Аминов номига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган.
Каттақўрғон шаҳар 2-давлат нотариал идорасининг 2019 йил 16 майдаги васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаси билан асосан уй-жойга Эркин Аминовнинг турмуш ўртоғи Фотима Аминова номига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган.
Ваҳоланки, бугунги кунда бу уй-жойда фуқаро Х.Аминова яшаб келаётган бўлган.

Жиноят ўрганиб чиқилди
Юқоридаги ҳолатлар Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этилганлигини тасдиқлайди. Шу сабабли юқоридаги ҳолатларни тергов ва суриштирув ўтказиш йўли билан аниқлаш ва қайд қилинган ҳоким қарорининг қабул қилинишида айбдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этиш учун Каттақўрғон шаҳар прокуратурасига жиноий таклиф киритилди.
Шаҳар прокуратураси томонидан ушбу таклиф ҳал этилиши учун Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлимига юборилди.
Шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчисининг қарори билан Сайпулло Аминовнинг содир қилган хатти-ҳаракатларида Жиноят кодексининг 228-моддасида кўрсатилган жиноят аломатлари бор бўлса-да, муддат ўтганлиги сабабли айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб, жиноят иши қўзғатиш рад этилган.
Яъни, Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 2008 йил 28 июлдаги 340-Қ-сон қарори қалбакилаштирилганлиги тергов ўтказиш йўли билан яна бир бор исботланди. Муҳими, бир фуқаронинг бузилган ҳуқуқлар тикланишига эришилди.


А.МАМАТОВ,
Каттақўрғон шаҳар адлия бўлими бошлиғи.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ