“ЭНГ ЯХШИ КИТОБХОН МАКТАБ”ГА 100 МИЛЛИОН СЎМ ТОПШИРИЛДИ

0 135

Вилоят ҳокими ташаббуси билан умумтаълим мактаблари ўртасида ташкил этилган “Энг яхши китобхон мактаб” кўрик-танловида ғолибликни қўлга киритган Каттақўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактаби жамоасига 100 миллион сўм мукофоти топширилди.

Бугун “Ёшлар маркази”да вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг ёшлар, таълим муассасаларининг битирувчилари билан онлайн видеомулоқоти бўлиб ўтди.
Ёшлар ойлиги доирасида ташкил этилган мазкур мулоқотда умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари ҳамда битирувчилари, олий таълим муассасаларининг талабалари Ёшлар маркази ҳамда туман ва шаҳарлардаги студиялардан иштирок этиб, вилоят ҳокимига ўзларининг илғор ғоя ва ташаббусларини, муаммоларини билдиришди.
Ёшлар, асосан, ҳудудларда интернетнинг сустлиги, кутубхона ва спорт залларига бўлган эҳтиёж, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш каби муҳим масалаларда мурожаат қилишди. Мазкур мурожаатлар ижобий ҳал этиш бўйича шу ернинг ўзида мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.Дарҳақиқат, жорий йил аввалидан вилоят ҳокимининг ташаббуси билан умумтаълим мактаблари ўртасида “Энг яхши китобхон мактаб” кўрик-танлови ўтказилган эди. Мулоқотдан сўнг, ушбу кўрик-танловда ғолибликни қўлга киритган Каттақўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактаби жамоасига 100 миллион сўм мукофот пули ҳамда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи топширилди. Шунингдек, иккинчи ўринни қўлга киритган Пахтачи туманидаги 24-умумтаълим мактаби жамоасига компьюетр жамланмаси, учинчи ўринни эгаллаган Иштихон туманидаги 1-ИДУМ жамоасига Ноутбук совға қилинди.

Бундан ташқари танловда “Энг яхши китобхон оила” ҳамда “Энг яхши китобхон” маҳалла вилоят кўрик-танлови ғолибларига ҳам “Spark” ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширилди. Ушбу кўрик-танловларда ҳам умумтаълим мактабларимизнинг ўқувчилари муносиб қатнашиб, жамоаларнинг фахрли ўринларни эгаллашида ўз ҳиссаларини қўшишди.
Оксфорд университети талабаси бўлган, Самарқанд шаҳридаги 17-умумтаълим мактаби битирувчиси, олтин медал соҳиби Ансар Раҳманов ҳамда унинг ота-оналарига ҳам вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.


Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати. 




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ