Абитуриентларга тест бўладиган манзилларни кўрсатувчи илова ишлаб чиқилди

0 43

Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари томонидан 2020-2021-ўқув йили қабулида ОТМларининг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларини ўтказиш режалаштирилган биноларнинг геоманзилини кўрсатиб берадиган “ImtihonGo” номли махсус мобил илова яратилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.

“ImtihonGo” мобил иловаси Давлат тест маркази томонидан эълон қилинган 2020-2021 ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларини ўтказиш режалаштирилган биноларнинг геоманзиллари асос қилиб олинган ҳамда шу манзиллар иловага киритилган.
Маълум қилинишича, илова муаллифлари ТАТУ магистри Ғ.Назаров ҳамда «Радио ва мобил алоқа» факультети талабаси Ҳ. Бахтиёровлардир.
- Ҳар бир яратилган дастур ёки стартап қандайдир маънода инсонларнинг оғирини енгил қилиши, ортиқча вақт, харажатдан фориғ бўлишига ёрдам бериши керак. Биз ҳам “ImtihonGo” мобил иловаси орқали мамлакатимиздаги минглаб абитуриентларни яқин ойларда бўлиши кутилаётган тест синовларини топширишда ортиқча қийинчиликларсиз, керакли манзилга тез ва аниқ етиб боришда кўмак бермоқчимиз, – дейди лойиҳа муаллифи Ғ.Назаров.
Иловага юртимиздаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари учун тест синовларини ўтказиш режалаштирилган бинолар рўйхати ҳамда геоманзиллари тўлиқ киритилган.
Агарда бирор сабабларга кўра ДТМ томонидан кўрсатилган манзилларда янгиланиш вужудга келса, иловани ҳам тезда янгилаш, ўзгартиришлари тезда қўшиш ва бу ўзгаришни фойдаланувчиларга етказиш режа қилинган.
Айни вақтда мобил илова фойдаланишга тайёр бўлиб, уни Google Play платформасидан юклаб олиш мумкин.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ