Бу йилги тест топшириқларида ўзгаришлар бўлади

0 48

Давлат тест маркази 2020-2021-ўқув йили учун ўтказиладиган олий таълим муассасаларининг бакалавриатига кириш тест синовларида тест топшириқларида бўйича ўзгаришлар бўлишини маълум қилди.

Биринчидан, тест топшириқлари соддалаштирилади. Яъни аввалги йилларда ўтказилган тест синовларида фанлардан 6 тагача биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари берилар эди. Бу йилдан бошлаб ҳар бир вариантда қўлланиладиган биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони ўртача 10 тагача етказилмоқда.

Иккинчидан, ёзувсиз харита, жадвал, расмли кўринишидаги тест топшириқлари сони кўпайтирилади. Яъни абитуриентлар тест топшириқларини мантиқий фикрлаб, тезда тушунишлари учун жорий йилда ҳам тарих, география фанлари каби чет тили (инглиз, немис, француз) фанларидан ҳам расмли тест топшириқлари шакллантирилади.
Шунингдек, биология ва кимё фанларидан расмли тест топшириқлари сони кўпайтирилади.

Учинчидан, она тили ва адабиёт фанидан тест топшириқларини соддалаштирилади. Яъни она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ) ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия қилинган бадиий асарлардан тест топшириқлари сони кўпайтирилади.

Шунингдек, абитуриентларнинг мантиқий фикрлашини ривожлантириш мақсадида матнли тестлар, яъни матн устида ишлаш билан боғлиқ бўлган тест топшириқлари тузилади.

Тўртинчидан, кимё ва физика фанидан назарий тест топшириқлари сони оширилади ва лаборатория ишларига оид тест топшириқлари тузилади.

Физика фанидан ҳам назарий тест топшириқлар сони оширилган ҳолда биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони 6 тадан 10 тагача кўпайтирилади.

Шунингдек, абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида “Доимий физик катталиклар жадвали” ишлаб чиқилди ва у “Кимёвий элементлар даврий системаси” каби тест синови топшириш жараёнида абитуриентларга тақдим этилади.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ