ҲАР БИР КИЛОГРАММИГА 26 МИНГ СЎМДАН

0 52

Туманда 2020 йил баҳорги пилла мавсумида 5527 қути жонлантирилган ипак қуртлари 5 мингдан ортиқ оилавий звеночиларга тарқатилиб берилди ва бугунги кунда қуртлар 5-ёшда парвариш қилинмоқда. Яқин кунларда янги пилла ҳосили териб олиниб, хирмонларга топширилади. 

Шуни айтиш керакки, жорий йилда доимий пиллакорларимиз билан бир қаторда “Коронавирус” пандемияси сабабли карантинда уйда ишсиз ўтирган аҳоли томонидан ҳам пилла боқишга қизиқиш ортди. Натижада уларнинг анчагина қисмини пилла боқишга жалб қилиш орқали иш билан таъминлашга эришилди.
Бу йилги кузатилаётган табиат об-ҳавоси пиллакорларимиз учун ҳам ташвишли ва шунинг билан бирга муваффақиятли келди. Чунки, ипак қуртларини парвариш қилиш учун етарли миқдорда озуқа базаси шаклланди. Баргларнинг ёмғирда ювилиб турилиши натижасида унинг тўйимлилик даражаси юқорилашди. Шунинг учун ҳам мутахассислар томонидан туманда тут барги озуқаси етарли миқдорда деб ҳисобланмоқда. 
Пиллачиликда энг муҳим ишлардан яна бири бу катта ёшга ўтган қуртларни белгиланган нормага кўра жой билан таъминлашдир. Шунга кўра пиллакорларимиз олинган ипак қурти неча грамм бўлса, яъни 1 қутидан 1 граммлик пилла маҳсулоти тайёрланса,  45-50 кг  ёки 1 қутидан 1,8 граммлик пилла маҳсулоти тайёрланса, 81-90 кг пилла ҳосили олиш мумкинлигига қараб жой тайёрласалар мақсадга мувофиқ бўлади.
Азиз пиллакорлар! Ҳар биримиз катта меҳнат эвазига тайёрланаётган пилланинг сифатига ҳам алоҳида эътибор беришимиз керак. Яъни, ипак қурти бостирилганидан кейин 7-8 кун ўтгач, ҳудудий пилла агрономининг ёзма рухсатномаси билан пилла териб топширилади, акс ҳолда хом терилган пилла қорапачоққа айланиб, бундан оилавий звенонинг моддий манфаатдорлиги камаяди, шунингдек хом ашёни қайта ишлаш жараёнидаги муаммолар корхонанинг кейинги иш фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Шуни айтишимиз керакки, ҳозирда етиштирилаётган пилла хом ашёсини ўз вақтида сифатли қилиб йиғиб-териб олиш бўйича ҳудудий агрономлар томонидан доимий мониторинг ўрнатилган бўлиб, туманда 25-30 майдан бошлаб пиллани териб олиш ва қабул қилиш мавсуми бошланади. Топширилган сифатли пилла хом ашёсининг ҳар бир килограмми  учун пиллакорларимизга 21 минг сўмдан нақд пул ва фермер хўжаликларига қилинган харажатларни қоплаш мақсадида 5 минг сўмдан, жами 26 минг сўмдан пул маблағи тарозихонанинг ўзида тўлаб берилади.
“Кумуш тола” хусусий корхонасида жорий йилда тайёрланиши кўзда тутилаётган 304 тоннадан ортиқ пиллани қабул қилиб олиш, уни саралаш, пишириш ва ипакка айлантириш учун барча нарса шай қилиб қўйилган.
Йиғиб олинган пилладан келгусида шу ернинг ўзида гилам тўқимачилиги, кўрпа-ёстиқ ишлаб чиқариш цехларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади.

Марям НИЯЗОВА, 
“Кумуш тола”хусусий  корхонаси раҳбари.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ