Бахтиёр оила сирлари

0 169

15 май – Халқаро оила куни

Халқимиз азалдан оилани муқаддас санаб келиб, оила — ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак авлодлар учун бетакрор тарбия қўрғони эканлигини доим тарғиб этиб келган. Ҳар бир инсон оилада туғилади ва вояга етади. Шундай экан ҳар бир боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб камол топишида оила муҳим ўрин тутади.
Бахтиёр оила кимлар ва у қандай тузилади, деган саволга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бахтиёр оила” китобида мутлақ жавоб бор десам адашмайман.
Мазкур китобда никоҳга алоҳида эътибор бериб, умр йулдошини танлаш энг асосий вазифа этиб белгиланган.
Кимдир келин танлашда унинг чиройини ўлчов қилиб олса, бошқаси бўлажак келиннинг молига қизиқади, учинчиси ҳасаб ва насабига эътибор беради ва ҳоказо. Шунингдек, куёв танлашда ҳам гоҳида куёвнинг мансабига, гоҳида бойлигига, баъзида куч-қувватига ёки чиройига қизиқадилар.
Китобда “Муносиб келин танлашда диндорлиги, солиҳалиги, болага меҳрибон ва эрга риояли бўлиш, бокиралиги, итоаткорлиги ҳақида жумлалар келтирилган бўлиб, ота-оналарга мўмина-муслима, жажжи қизларимизни ёшликларидан зикр этилган олий мақом сифатларини ўзларида мужассам қилиб тарбиялашга ҳаракат қилишлиги лозим.
Худди шунингдек, оила қуришда фақат куёв тараф келин танлаш ҳуқуқига эга эмас бўлиб, балки келин ҳам куёв танлаш ҳуқуқига эгадир. Чунки оила кўнгилга боғлиқ маънавий ва руҳий алоқа эканлиги, бундай алоқада икки томон бирдек иштирок этмаса яхшиликка эришиб бўлмаслиги, оилага эр қанчалик зарур бўлса, аёл ҳам шунчалик зарур эканлиги, оилавий алоқалар эрнинг кўнглига қанчалик боғлиқ бўлса, аёлнинг кўнглига ҳам шунчалик боғлиқ бўлишлиги белгилаб қўйилган.
Китобда “Муносиб куёв танлаш борасида барча далил ва ҳужжатларни жамлаб, тартибга солиб, таҳлил қилган ҳолда уламоларимиз асосан қуйидаги сифатларга эътибор беришлик лозимлигини таъкидлаган: диндорлиги, тақводорлиги, ҳусни хулқи, оила масъулиятини адо этиш қобилияти, келиннинг тенги бўлиши, бунда ёши, ижтимоий ҳолати ва шунга ўхшаш нарсалар кўзда тутилган”лиги кўрсатилган.
Албатта, ҳар бир оилада эр-хотин тинч-тотув, аҳил-иноқ равишда, бахт нашидасини суриб яшаши айни муддаодир. Бунинг учун ҳамма ҳаракат қилади.
Аммо жон бор жойда жанжал бор, деганларидек, кишилар истамасалар ҳам, оила аъзолари – эр-хотин орасида тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар ва уруш-жанжаллар чиқиб туриши бор. Ушбу ҳолатни тўғри ҳал қилиш ҳам оила ва унинг аъзоларини саодатига хизмат қиладиган муҳим омилларидан биридир.
Бу масалада икки тараф ҳам бир-бирини яхши тушуниши, аёл эрнинг, эр аёлнинг риоясини қилиши лозим. Икковлари бир-бирларининг одатларини, нимадан хафа ва нимадан хурсанд бўлишларини, руҳий кечинмаларида ва кайфиятларида бўладиган ўзгаришларини яхши тушуниб етишлари зарур. Сўнгра бир-бирларини хафа қиладиган нарсалардан йироқ бўлиб, хурсанд қиладиган нарсаларга яқин бўлишга харакат қилишлари керак.
Бугунги кунда Давлатимиз раҳбари томонидан оилаларнинг барқарорлигини сақлаш юзасидан жуда кўп қарорлар ва фармонлар чиқарилди. Мазкур қарорлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан бир нечта ҳамкор ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик меморандиумлари ҳамда қўшма кўрсатмалар имзоланиб, судларда кўриладиган фуқаролик ишларини ўзаро ярашув институтини қўллаган ҳолда якунлаш юзасидан келишувларга эришилди.
Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди томонидан жорий йилнинг 4 ойи давомида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, туман “Оила маркази”, бошқа ҳамкор ташкилотлардан иборат тузилган яраштирув комиссияларининг саьйи ҳаракатлари билан судларда кўрилган оилавий низолардан, бир-биридан айро яшаётган эр-хотинлар, уларнинг ота-оналари билан суҳбатлар орқали оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдек муҳим мақсадимизга эришиб, жами судларга берилган 50 дан ортиқ фуқаролик ишлари тарафлар ўзаро ярашганлиги сабабли иш юритишдан тугатилди. Ўртача уларнинг икки нафардан фарзанди бор бўлиб, жами 100 га яқин фарзандларини тирик етим бўлишини олди олинди. 
Мазкур мақоладан келиб чиқиб ҳар бир жамият аъзоси бир-бирларига ўзларининг тажрибалари билан ўртоқлашиш асосида фойда беришлари керак, чунки оилаларимизнинг мустаҳкамлиги, бахтиёрлиги барчамиз учун зарур. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз ушбу аҳамиятли ишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

Камол НАМАЗОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси. 

* Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Бахтиёр оила” китобидан фойдаланилди.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ