Рамазон - барака ойидир

0 98

  Бандаларига неъматларини баркамол қилиб берган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамдлар бўлсин.
  Бу неъматларини бизга чиройли қилиб сифатлаб берган Расулуллоҳ  соллоллоҳу алайҳи ва салламга саловот ва саломлар бўлсин.
   Аллоҳ таоло бошимизга соябон қилиб раҳмат ва мағфират, тақво ва хайру саховат, барокот ойи бўлмиш ойларнинг султони Рамазон ойини бизга неъмат қилиб берди.
  “Рамазон” сўзи арабча сўз бўлиб, “жазирама”, “куйдириш” маъноларини билдиради. Бу ойни айнан шу номни олиши борасида турли хил фикрлар бор. Бир фикрга кўра “Рамазон ойи гуноҳларни куйдириб ташлагани учун шу ном билан аталган” дейилса, бошқа бир фикрда “Бу ойдаги ибодат – рўза кишиларни ташналикдан ичини қиздиргани учун ой Рамазон деб номланган”, дейилади.
  Нима бўлганда ҳам, Рамазон ойини Аллоҳ таоло уммати муҳаммадияга ҳослаб алоҳида барокотли, фазилатли қилиб қўйган.
  Расулуллоҳ соллоллоҳуалайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилди: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳи кечирилгандир”. Азизлар, бу ой шундай муборак ойки, ҳар бир тақводор зот учун бу ойда туришликнинг ўзи ибодат. Қаранг, рўза тутадими ибодат, рўза ҳолатида ухлайдими ибодат, ҳаттойинки гапирмасдан жим турса ҳам ибодат, ифторликда овқат еса ҳам ибодат. Ахир бунчалик даражада савоблар, бунчалик мақомда файзлар ва ҳар бир оддий амал ибодатга айланади. Рамазон ойида саҳар вақтдан олдин туриб саҳарлик қиламиз бу ибодатга айланади, кейин саҳардан то шомгача рўза ҳолда юрамиз, ишлаймиз, ухлаймиз ибодат, сўнгра шомда яна овқатланамиз ибодат, кечаси таровеҳ намозларида қоим бўламиз ибодат, дуолар қиламиз ибодат, яна эртанги кун учун, рўзага куч тўплашлик учун дам оламиз у ҳам ибодатга айланади.  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам “Бу Рамазон ойи барака ойидир” – деб бежизга айтмадилар.
 Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам “Рўза тутган одамнинг уйқуси ибодат”- дедилар, яъни эрталаб рўзадор одам рўзғори учун, нафақаси учун ишлаб меҳнат қилса ва азбаройи чарчаганидан пешиндан кейин ёки асрдан сўнг бироз мизғиб олса, уни Аллоҳ таоло ҳар бир чиқарган нафаси учун зикр қилди деб номаъи аъмолига ёзиб қўяди. Ҳа азизлар, рўзадорнинг мартабасига қаранг. Қандай Худои таоло рўзадор бандасини азиз қилиб қўйибди.
Ва яна Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи вассаллам “Рўзадорнинг сукут сақлашлиги”– рўза тутган кишининг гапирмаслиги, жим туришлиги тасбеҳдир. Яъни рўзадор одам вақтида ҳар хил хунук сўзларга ўрганган бўлса, эндиликда Аллоҳ таолонинг фарзини бажараётганда бу хилдаги одатни тарк этиб, яхши сўз билмаса унда жим турсин. Мана шу ҳолда Парвардигори олам у инсонга сукут сақлагни учун “Субҳаналлоҳ” деди деб ҳисоблайди.
 Ҳадиснинг давомида келади “Қилган амалининг савобини кўпайтириб беради”– рамазонда қилинган савобли ишларнинг ажри орттирилади. Яъни,рамазонда қилинган ибодатлари, бошқа вақтларда қилинган ибодатлари билан бир хил бўлса-да, аммо муборак ойда қилинган хайрли ишларнинг савоби етмиш даража кўтарилади. Бу озмунча фарқ эмас, жуда ҳам бир яхши мукофот. Рамазонда кунига таровеҳ 20 ракаат ўқилади. Бу дегани 1400 ракаат намоз ўқилганнинг ажри берилади. Энди бу ойда садақалар, хайрли ишлар, зикрлар 70 маротаба зиёда қилинади. Шунинг учун ҳам баъзи ақлли инсонлар закотларини ушбу муборак Рамазон ойида адо этадилар. Чунки, Рамазон ойида қилинган ҳар бир эзгу амалга 70 марта кўп савоб берилади.


Хайрулла ШОМУРОДОВ,
туман бош имом-хатиби.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ