Арзон уйни оши татимайдими?

0 629


Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг уй-жойларга бўлган талабини қондириш, айниқса, уй-жойлари бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни арзон, сифатли уй-жойлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳамма ҳам ўз уй-жойи, бошпанаси бўлишини ҳоҳлайди. Бугун ана шундай оилаларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида давлат томонидан аҳолига қатор қулайлик ва имтиёзлар яратилмоқда.

Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва тегишли қарорлари билан республикамизнинг барча ҳудудларида намунавий, арзон уй-жойлар қурилаётгани, аҳолининг уй-жойга муҳтож, аммо кам таъминланган, ижтимоий ҳимояталаб қатламининг мушкулини осон қилмоқда. Юзлаб оилалар неча йиллик орзуси ушалиб, уйли бўляпти. 
Туманимизда ҳам тасдиқланган дастурлар асосида намунавий уйлар қурилиб, эгаларига топширилиб келинмоқда. Аммо тан олиб айтиш керакки, бунёдкорлик соҳасида тажриба ортгани сайин арзон уй жойлар қурилишида ҳам ўзига хос муаммолар пайдо бўлмоқда. Гоҳ-гоҳида янги хонадон эгаларининг қурилиш сифатидан норози кайфиятдаги гапларидан дилингиз хира тортади.



Намунавий лойиҳа асосида қурилган уй деганда, аксарият фуқаролар иссиқ, газлаштирилган, ҳар томонлама "намуна" қилиб кўрсатишга арзигулик уйлар тушунилади, одатда.

Туманда қурилган намунавий уй-жойлар ва у ерда яратилиши лозим бўлган шарт-шароитлар билан танишар эканмиз, қатор муаммолар борлигига гувоҳ бўлдик.


Жумладан, Қорадарё маҳалласида янгидан қурилган уй-жойлар 2018 йилда ўз эгаларига топширилган. 2 сотихли, 3 хонали 25 та хонадонларнинг уч-тўрттасида хонадон эгалари истиқомат қилмоқда. Қолганларида ҳеч ким яшамайди. Албатта, қачон кириб яшаши оиланинг ўз хоҳиши. Аммо бунга айрим ҳолатлар ҳам сабаб бўлаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Ёки уй ҳақиқий мухтож оилаларга берилганлигига шубҳа бор.


Исми очиқланишини истамаган хонадон эгаси билан ҳали кўчиб кирмаган хонадонини кўздан кечирдик. Тўғриси, муаммолар бизни остонадаёқ қарши олди. Уй эгаси кириш эшигини очишнинг ўзига анча вақт сафлади. 


Сифатсиз қулфлар икки-уч марта кириб-чиқишдаёқ яроқсиз ҳолга келган. Уй ичидаги хоналарда ҳали ишлар чала, шунинг учун оила бу ерга кўчиб киролмаяпти. Хонадон эшикларини ўрнатиш сифатсиз тарзда амалга оширилган. Очилса ёпилмайди, ёпилса очилмайди.

Аҳвол шу бўлса, хонадонлардаги ишлар ҳали охирига етмаган ҳолда нега хонадон эгалари уйларни қабул қилиб олди?


- Сизлар уйни қабул қилиш ҳужжатларига имзо қўйиб бераверингизлар, биз якунига етказиб берамиз, дейишганди, - дейди бизга хонадонидаги камчиликларни кўрсатиб берган фуқаро. - Аммо ваъда ваъдалигича қолиб кетди. Шунинг учун ҳам кўчиб киролмаяпмиз. Ҳали электр таъминоти улангани ҳам йўқ.

 
Ҳақиқатдан ҳам янги қурилган хонадонлар атрофини кўздан кечирар эканмиз, электр энергияси ҳали ўтмаганлиги, йўллар асфальтланмаганлиги, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмаганлигига амин бўлдик. Хуллас, янги тураржойда камчиликлар талайгина.


Ўрганишимизни намунавий уйлар қурилган бошқа маҳаллаларда ҳам давом эттирдик. Айримлари бир йил, айримлари эса икки, уч йил аввал қуриб битказилган. Хонадон эгалари кўчиб кирган.


Улар билан суҳбатлашар эканмиз, турлича фикрларни эшитдик. Баъзилар қурилиши сифатидан норози бўлса, яна баъзилари канализация, ичимлик сув йўқлиги ва яна қатор муаммоларни айтиб ўтди.


-    Кўчиб келганимизга кўп вақт бўлгани йўқ, лекин шу уйни ўзимиз кўп марта қайта таъмирладик, - дейди яна бир фуқаро. 


Тан олиб айтиш керак, қурилиш соҳасида муаммолар етарли эканлиги кўриниб турибди. Бу ҳолатлар туманимиздаги қурилиш масалаларига масъуллар ўз ишларига масъулиятсизлик билан ёндашаётганидан келиб чиққан.


Яна бир муҳим масала шуки, янги қурилаётган уй жойлар арзон экан, деб уларнинг сифатини кейинги ўринга қўйиш мумкин эмас. Аммо қурилиш сифатини назорат қиладиган туман мутасаддилари бу ҳолатларга жиддий эътибор қаратмаганидан далолат беради.


Сўнгги вақтларда юртмизда мазкур соҳада турли ислоҳотлар олиб борилгани ҳам бор гап.


Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 18 июлдаги "2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ўзгаришлар бўлди.


Бунда 2018 йилнинг 1 июлидан 2020 йил 1 январгача бўлган даврда уйлар 20 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан берилади.


Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш учун уй қурувчиларига дастлабки бадал 0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 2, 3 хонали бир қаватли ва икки, уч, тўрт, беш қаватли кўп квартирали арзон уй-жойлар учун 10 фоиз миқдорида тўланади. Шунингдек, 0,04 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган арзон уй-жойлар ва 0,06 га ўлчамдаги ер участкаларида жойлаштириладиган 3,4 ва 5 хонали арзон уй-жойлар учун 25 фоиз этиб белгиланди.


Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 24 ноябрдаги "Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида 2019 йилдан бошлаб республикамиз қишлоқ ҳудудларида намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилиши "Обод қишлоқ" дастури билан ўзаро уйғунликда ташкил қилиш белгиланган.


2018 йилнинг 1 июлидан 31 декабрига қадар имтиёзли ипотека кредити уч йилдан иборат имтиёзли давр билан ажратилиши белгиланган бўлса, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, ушбу имтиёзли ипотека кредитининг имтиёзли даври икки йилдан иборат бўлиши қайд этилди.


Кўриниб турибдики, соҳада ислоҳотлар етарлича. Аммо бу ислоҳотларнинг амалий ижросини соҳага тегишли масъуллар ижросини етарлича таъминлаш зарур. Бу борада қайсидир эҳтиёжманд оилага бошпана қураётганини унутиб қўяётган қурувчилар зиммаларидаги масъулиятли вазифага панжа орасидан қарамасликлари лозим.


Акс ҳолда янги уй-жойлар эгаларида норозилик кайфияти кучайиб борса борадики, камаймайди. 
Зеро, шу ўринда айтмоқчи бўлганимиз, уй-жойлар бунёдкорлиги билан шуғулланаётган қурувчилар бир зумга бўлсада ўзларини янги қурилган хонадон соҳибларини ўрнига қўйиб кўрсалар ҳақиқатни яқинроқ англаган бўларди. Шунда не-не орзу умидлар билан уй-жойга етишган фуқароларнинг дардларини тушуниб етади. 

Ўз мухбирларимиз.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ