Шубҳа

0 340

Гулноза янги йил дастурхонини амал-тақал қилиб тузади. Уйида дастурхон тузашга деярли нарсалар бўлмас-да, амаллади. Фарзандларим бир хурсанд бўлишсин, дея кўнглидан ўтказди. Ахир уларда нима гуноҳ? Янги йилни тўкин дастурхон атрофида кутиб олишни исташади. Гулноза шуларни хаёлдан ўтказиб нариги хонада ўйин билан банд бўлган ўғли билан қизини кузатди.

Қизи Дилноза бу йил биринчи синфга борди. Ўғли Маъруфжон ундан икки ёш кичик.  Турмуш қийинчиликлари жон-жонларидан ўтиб кетганда эри ҳам шу фарзандлари билан овунади.


Гулноза соатга қараб қўйди. Кун кеч бўлаяпти ҳамки эридан дарак йўқ. Охирги пайтларда шундай кеч келадиган одат чиқарган. Наҳотки, бугун байрам куни ҳам кеч келса?! У дераза ёнига борди. Қиш кунлари қисқа бўлгани учун аллақачон атрофга тун қора пардасини тортиб улгурган. Ҳозир барча хонадонда янги йилни кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўрилаётган бўлса керак?! 


Гулноза шуни ўйлаб оғир хўрсиниб қўйди ва беихтиёр эри билан танишган онларини эслади. 
Шариф билан Гулноза бир институтда, бошқа-бошқа гуруҳларда таҳсил олишарди. Бир дугонаси орқали у билан танишди. Ўртадаги яқин муносабатлар муҳаббатга айланди. Шарифнинг отаси катта бизнесмен ва ёлғиз ўғлини доим айтганини қиларди. Шунинг учун бу сафар ҳам у ўғлини райини қайтармай гарчи бошқа вилоятдан бўлса ҳам севганига уйлантирди.

 
Улар иккинчи фарзандлари туғилгунга қадар бахтли яшашди. Шарифни отасининг бизнеси барбод бўлди ва катта қарз ботқоғига ботди. Ўзи ҳам икки ҳафтада юрак хуружидан бу оламни тарк этди. Бахтсизлик кетма-кет келади деганидек, Шарифнинг онаси ҳам узоқ яшамади. Ота-онасининг маъракаларини ўтказиб бўлишгач, қарзларини сўраб келувчилар кўпайди. 


- Гулноза, бу ерлардан кетмасак бўлмайди, - деди бир куни эри.
- Қаёққа...?
- Билмадим...балки ўқиган жойларимизга кетармиз...яъни Тошкентга. Шундай қилмасак бўлмайди Гулноз... Мени тўғри тушун, отамнинг қарзларини тўлаш менинг фарзандлик бурчим. Шунинг учун уйни ва буюмларни сотамиз.
Гулноза эрининг аҳволига қаттиқ ачинди.
- Майли, сиз нима десангиз шу. Сиз ҳам қийналиб кетдингиз. Балким ота-онам, акаларимдан ёрдам сўраб кўрарман. Бу вазиятда мен қўл қовуштириб турсам бўлмас. Ахир хотинингизман.
- Йўқ, Гулноз, уларни безовта қилма. Ўзим бир амаллайман. Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
Эртаси куни уйларини буюмлари билан қўшиб сотди ва харидорларга бир ҳафтада уйни бўшатиб беришни айтишди. Уй ва буюмлар яхшигина пулга сотилгани учун Шариф барча қарз¬ларни узди ҳамда ўзларини кўчиб кетишларига ҳам озгина пул орттириб қолди.
- Энди қаерга кетамиз? - деди Гулноза хаёлга чўмиб ўтирган эрининг ёнига бориб.
- Тошкентга кетамиз.
- Яшаш учун жойни қандай ҳал қиламиз?
Шариф бир оз индамай турди ва Гулнозанинг қўлларини ушлади.
- Болалар ухладими?
- Ҳа, ухлади. 
- Яхши, унда бирга олиб кетадиган зарур нарсаларни тайёрлайлик. Эрта билан жўнаб кетамиз.
Шариф ҳали ҳам ўзига савол назари билан қараб турган хотинини кўриб, яна сўзида давом этди.
- Бизнинг гуруҳимизда ўқиган Носирни танийсан. Ўша ҳозир Тошкентда ишлайди. Хусусий фирмаси бор. Биласан, у яқин ўртоғим. Ота-онамнинг маъаракаларида ҳам келиб ёнимда  турганини кўргандинг. Шу ўртоғим бугун ҳол-аҳвол сўраш учун яна телефон қилди. Вазиятни тушунтиргандим, у кўп қаватли уйлардан иккита квартираси борлигини айтди. Бири бўш экан, вақтинча ўша ерда яшаб турамиз.


Мана шу уйга келиб жойлашганларига ҳам тўрт йилдан ошибдики, ҳали ўзларини ўнглаб ололганлари йўқ. Паспортининг рўйхатга қўя олмаган Шариф бирон бир тузукроқ ишга ҳам жойлаша олмади. Ҳар хил юмушларни бажариб, амал-тақал рўзғор тебратиб турибди. 


Лекин охирги кунларда эри уйга жуда кеч келадиган одат чиқарганидан Гулноза норози. Бугун эрталаб ҳам шу тўғрисида озгина тортишиб олишди. 


- Бугун байрам. Уйда ўтирақолинг, - деди Гулноза эрининг кўчага отланаётганини кўриб.
- Бир жойда зарур ишим бор, ўтиб келмасам бўлмайди.

- Ахир, бир неча кундан бери уйга кеч келаяпсиз. Болалар ҳам сизнинг меҳрингизга зор. Ҳеч бўлмаса байрам куни уларнинг ёнида бўлинг.


Шароф бир оз иккиланиб турди-да, индамай оёқ кийимини кийди.
- Мени тўғри тушун, бормасам бўлмайди, - дея чиқиб кетди.


Гулноза шуларни ўйлар экан, эрининг кеч қолаётганида яна кайфияти бузилди. Ё бирортасини топиб олдимикан? Хаёлига келган ўйдан ўзи ҳам чўчиб тушди. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Яна ҳам шаҳар жой билиб бўлмайди, дея кўнглидан ўтказган Гулноза худди эридан ажаралиб қолаётгандек ҳис қилди ўзини. 
Шу пайт эшик қўнғироғи чалинди. Гулноза эрим келди шекилли, деб эшикни очди-ю, ҳанг-манг бўлиб қолди. Қаршисида катта қоп кўтарган қорбобо турарди. Гулноза бир оз иккиланиб қолди. Қорбобони уйига киритай деса, эри уйда йўқ. Киритмай деса, ортидан югуриб чиққан болалари қорбобони кўриб хурсанд бўлиб кетишди. 
- Киринг, - деди ноилож қолган Гулноза.


Қорбобо худди шу гапни кутиб тургандек, уйга кирди ва Маъруф билан Дилнозани кўтариб олди. Уларни ерга тушириб, қопидан ширинликлар тўлдирилган иккита совға олиб болаларга берди. Болалар қийиқириб юборишди. Қорбобо эса телевизорда қўйилаётган шўх мусиқага болалар билан ўйинга тушди. Болаларини хурсандлигини кўриб, Гулнозанинг ҳам кайфияти кўтарилди ва болаларнинг хурсандлигини эри ҳам кўрганда эди, дея хаёлидан ўтказди.


Қорбобо мусиқа тугагач, қопидан турли майда-чуйда, мева-чевалар ва қовурилган иссиқ товуқ гўштини дастурхонга қўйди-да, индамай эшик томонга йўналди. Гулноза ҳайрат билан унинг ортидан қараб қолди. Чунки, у қорбобони совға беришини эшитган, аммо бунчалик сахийлик қилишини кутмаганди. У Қорбобога пул бериш кераклиги ёдига тушиб, ичкари уйга кирди. Пул олиб чиққанида Қорбобо кетиб бўлган экан. 


Гулноза бир оз ўйланиб турди-да, сўнгра Қорбобо бериб кетган нарсалар билан дастурхонни бошқатдан безатди.  Бу ёқда қандайдир бегона Қорбобо болаларини хурсанд қилиб кетса-ю, эри бамайлихотир юраверса, у аниқ бошқасини топиб олган. У шуларни ўйлаб йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тутди.
Шу пайт нариги хонадан қизи Дилноза чиқиб келди.


- Уканг қани? - сўради Гулноза қизидан.
- Ичкарида Қорбобо берган ўйинчоқларни ўйнаб ўтирибди.
- Энди дастурхонга келинглар, дадаларинг ҳам ҳозир келиб қолса керак.
- Ойи, сизга бир гап айтайми?
- Айтақол, - деди Гулноза қизининг юзига термилганча.
- Ҳалиги Қорбобо дадам эди.
- Нима-а? -Гулноза бироз каловланиб қолди. - Йўқ, адашаяпсан. Ахир, даданг бўлганда мен таниган бўлардим. 
- Йўқ, ойи, у аниқ дадам эди.
- Сен қаердан била қолдинг?
- Оёқ кийимидан танидим.


Гулноза оғзи очилганча қолди. У Қорбобони туфлисига эътибор қилмаганини хаёлидан ўтказди. Демак қизи Қорбобонинг оёқ кийимини кўрган.


У қўйилиб келаётган кўз ёшларини зўрға ти¬йиб, ўғлини ҳам чақиргани борган эди ҳамки, эшик қўнғироғи жиринглади. Гулноза эшикни очди-ю, эрини кўрди. Шариф ҳеч нарса бўлмагандек уйига кириб, болалар билан кўришди.


- Ўҳ-ў, байрам дастурхони зўр-ку, - деди Шариф чиройли безалган дастурхонни кўриб ва ки¬йимларини алмаштиргани ичкарига кириб кетди. 


Эри дастурхон атрофига келиб ўтиргач, Гулноза унинг кийимларини тахлаб қўйгани ичкарига кирди. Кийимларни тахлар экан, куйлакнинг чўнтагидан чиқиб турган бир парча қоғоз эътиборини тортди. Олиб қаради. Дастлаб ҳеч нарса тушунмади. Синчиклаб ўқиса, темир йўл вокзалига кириш учун берилган бир кунлик рухсатнома экан.


Гулноза шоша-пиша боя эрининг қўлида кўрган, ҳозир уйнинг бир четида турган пакетни титкилади. Унинг ичидага эски, иш кийимларидан  оҳак аралаш қум зарралари тўкилганини кўриб,  эрининг нега кеч келаётганини тушунди. 


Гулноза тер ҳиди анқиб турган эрининг ки¬йимларини юзига босиб, йиғлаб юборди.

БАРДОШБЕК.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ