Сабр ва хотиржамлик – энг яхши фазилат

0 54

Ҳозирги вақтда кўпчиликни ваҳимага солаётган касаллик “коронавирус” ҳаёт тарзимизга оз бўлсада таъсирини ўтказмоқда. Дунё бўйича тарқалган бу бало кўп инсонларни саросимага солиб қўйди. Шу сабабли савдо дўконлари ва бозорларда одамлар озиқ-овқат махсулотларини эҳтиёжидан ортиқ сотиб олишни бошлашди. Тўғри, бундай пайтда киши ўзини йўқотиб қўяди. Аммо, инсон ўзлигини, одамгарчилигини йўқотмаслиги лозим. Нарх-наво кўтарилиб, қимматлашса имконияти бор кишилар қийналмасдан маҳсулот сотиб олар, лекин халқ ичида кам таъминланган, етимлар, боқувчисини йўқотган кишиларимиз бор. Ҳадиси шарифда: “Қўшниси оч бўла туриб, ўзи тўқ ухлаган киши ҳақиқий мусулмон эмас”, деб марҳамат қилинган. Бошқа бир ҳадисда эса: “Ўзинга раво кўрган нарсангни биродаринга ҳам раво кўрмагунингча ҳақиқий мўмин бўла олмайсан”, дейилган.

Азизлар, ҳаётда кўп синовлар Аллоҳ таоло томонидан бандаларига берилади. Бу вирус ҳам бир синов эканлигини унутмайлик. Дардни берган, албатта, унинг шифосини ҳам беради. Шундай ҳолатлар юз берганда дуо қилишлигимиз ҳақида тавсия қилинган. Жумладан, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам: “Бирор бир банда ҳар тонгда ва тунда “Бисмиллаҳиллазий лаа язурру маъасмиҳи шайъун фил арзи ва лаа фис самаи ва ҳувас самиъул алиим”, деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди”, (Маъноси: ”Шундай Аллоҳнинг исми билан бошлайманки, Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайди. У эшитувчи ва билгувчи Зотдир), дедилар.

Давлатимиз томонидан бўлгани каби туманимиз раҳбари ва мутасаддилари томонидан халқимизнинг тинчлиги, хотиржамлиги ва соғлиги учун тинимсиз хайрли ишлар олиб борилмоқда. Аҳолига керакли тушунча ва тавсиялар берилмоқда. Кези келганда биз оддий фуқоролар ҳам ўзимизнинг тартиб интизомимиз, хотиржамлигимиз билан, талвасага тушмасдан халқимизга ёрдам беришимиз керак. Ҳам ўзимизни ва ҳам ватандошларимизни соғлигини, аҳволини яхшилашни ўйлашимиз лозим. Унутмаслигимиз лозимки, бу кунлар ҳам инша Аллоҳ ўтиб кетади.


Хайрилла ШОМУРОДОВ,
Каттақўрғон туман бош имом хатиби.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ