Ҳозирги замон педагогикаси - тарбия жараёни, унинг моҳияти

0 67

“… Қобилият ўз-ўзидан ривожланмайди.
Унинг ривожланиши учун болани тарбиялаш керак,
тарбия бўлмаса, боладаги қобилият сўнади”
СAЪДИ

Тарбия назарияси педагогика фанининг бир қисми бўлиб, у тарбиявий жараённинг мазмуни, методи ва ташкил этилиши масалаларини ўрганади. Жамиятимизнинг янгиланиши, ҳаётимизнинг тарақиёти ўсиб келаётган баркамол авлод тарбияси билан боғлиқ жараённи ҳам қайтадан кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Тарбия назарияси Ўрта Осиё файласуфларининг тарбия ҳақидаги фикрларига ва халқ педагогикасининг тарбия борасидаги бой тажрибаларига таянади. Тарбия назарияси ўз қоидаларини асослаш учун фалсафа, социология, этика, эстетика, физиология, психология фанлари маълумотларидан фойдаланади. Тарбия назарияси педагогиканинг бошқа бўлимлари: педагогиканинг умумий асослари, таълим назарияси, мактабшунослик билан узвий боғлангандир.

Ҳозирги замон педагогикасида тарбия тарбиячининг тарбияланувчи шахсига оддий таъсир кўрсатиши эмас, балки тарбиячилар ва тарбияланувчиларнинг аниқ бир мақсадга қаратилган, бир-бири билан ҳамкорликда қиладиган муносабатлари ва ўзаро таъсир кўрсатиши эканлиги алоҳида таъкидланади.


Тарбия ақлли, одобли, меҳнацевар, билимли, соғлом, эътиқодли, дили пок, руҳи комил, ҳар томонлама маънавий ривожланган, ватанпарвар,  инсонпарвар баркамол шахсни шакллантиришни кўзда тутади. Тарбия маҳаллий, ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар, миллий анъаналар ва минтақалараро хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда олиб борилади.


Тарбия жараёнида кишининг турли қобилиятлари ривожланади, ҳарактери, ғоявий, ахлоқий, иродавий, эстетик хислатлари шаклланади, табиатга, жамиятга илмий қарашлар тизими таркиб топади, жисмоний куч-қувватлари мустаҳкамланади.


Бола катталарнинг тажрибаларини суст ҳолда эмас, балки фаол равишда ўзлаштиради: бу ўзлаштиришда унинг онгли ҳаракати, тиришқоқлиги аҳамиятга эга бўлади.


Тарбияланувчилар муайян даражада фаол фаолият кўрсатмасалар тажриба ва билимни ўзлаштира олмайдилар. Боланинг ёши улгайиб борган сари бу фаоллик тобора кўпрқ мустақиллик ҳусусиятларига эга бўлиб боради: тарбияланувчилар ўзларида дунёқарашни таркиб топтиришга, ўз-ўзини такомиллаштириш, табиат, жамият ва турмушда учрайдиган ҳодисаларни тушунишга ҳамда идрок этилган нарсаларга танқидий муносабатда бўлишга кўника борадилар.


Ҳамма даврларнинг илғор кишилари тарбияга юқори баҳо берганлар. Халқ донишмандлари ва мутафаккирларидан Aбу Наср Фаробий, Aбу Райҳон Беруний, Aбу Aли Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Aлишер Навоий, Завқий, Фурқат, Aваз Ўтар, Ҳамза, Aбдулла Aвлоний инсон камолотини илм-фан ва тарбияда деб билдилар.


Тарбия жараёнида катталар, тарбиячилар ва тарбияланувчилар жамоаси ўзаро муносабатда бўлади. Бу муносабат ўзаро тушуниш, ишонч, ҳамкорлик асосида қурилиши лозим.


Мактаб бутун тарбия ишини ҳаёт билан ҳамоҳанги, ўқувчиларга ўтмиш, тарих, санъат ҳақидаги маълумотларни чуқур ўргатиши, халқ педагогикаси асосида иш юритиши, буюк алломаларнинг фарзанд тарбияси борасидаги педагогик қарашлари, инсон руҳини чуқур ўрганиб, шарқона урф-одатлар, анъаналар асосида ёшларга меҳнат малакасини сингдириши лозим.

Иқбол ҚУДРAТОВA,
Тошкент шаҳар Олмазор тумани Р.Глиер номидаги 
Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқитувчиси.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ