«Овчи»нинг ови юришмади, нега...?

0 176

Каттақўрғон туман, "Номозполвон" маҳалласида яшовчи Исматилла Собиров (Исм-фамилияси ўзгартирилган) "Сув омбори" ҳудудидан тегишли рухсат олмасдан, ўзига тегишли қўлбола усулда ясалган қора рангли қайиқда невараларига балиқ тутиб   бераётганди. Бундай  ҳол  илгари  ҳам кўп  бор  такрорлангану, лекин  ҳеч  қўлга  тушмай келаётганди. "Кўза кунда эмас, кунида синади" деганларидек, бугун унинг "кўза"си синди. Қонунбузар овчининг   ови  бароридан  келаётганда Самар­қанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан қўлга  тушди. Экология ходимлари келиб ундан балиқ овлаши учун тегишли рухсатномани кўрсатишни талаб қилишганида, у текширувчиларга ҳеч қандай ҳужжат тақдим қила олмай, "Сув омбори"дан балиқ тутиш учун рухсатнома олиш кераклигини билмаганлигини, қайиқни эса уйидан томорқасига ўтиши учун фойдаланиб келишлигини, бу ҳолат бошқа қайтарилмаслигини" айтиб  узр  сўради. Ундан қўлбола усулда ясалган қора рангли қайиқ ва жилкали тўр ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олиниб, энди узрни судда  айтиши уқтирилди. Судда И.Собиров: - Ҳақиқатдан ҳам ўзимга тегишли қайиқ билан "Сув омбори" ҳудудидан невараларимга балиқ тутиб бераётган вақтимда экология ходимлари келиб мендан балиқ овлаши учун тегишли рухсатномани кўрсатишни талаб қилишганларида мен текширувчиларга ҳеч қандай ҳужжат тақдим қила олмадим. Чунки,"Сув омбори"дан балиқ тутиш учун рухсатнома олиш кераклигини билмаган эдим. Қайиқдан эса уйимдан томорқамга ўтиш учун фойдаланиб келаман. Айни вақтда содир қилган қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, бу ҳолат бошқа қайтарилмайди, оилавий шароитим ва моддий аҳволимни инобатга олиб қонуний енгиллик беришингизни сўрайман, - деб узр  сўради.

Суд, маъмурий иш ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, И.Собировнинг содир қилган ғайриҳуқуқий ҳатти-ҳаракати, ўзининг суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатмасидан ташқари, иш материалида мавжуд текшириш далолатномаси, маъмумотномалар, тушунтириш хатлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома билан тўлиқ ўз тасдиғини топади деб ҳисоблади. Суриштирув органи томонидан И.Собировнинг балиқ овлаш қоидаларини бузганликда ифодаланган ҳуқуқбузарлик ҳаракати Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 90-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилди  ва  қилмишига   яраша  жазосини  олди.

С.СОЛИЕВ,
Каттақўрғон туман маъмурий
судининг раиси.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ