Туманимизда кўнгилсиз йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олинади

0 180

5 мартдан туманимизда “Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ўн беш кунлиги” эълон қилинди. Афсуски, кейинги йилларда Каттақўрғон туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиш кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда.
Шу муносабат билан вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан семинар ўтказилди. Марказий ва ички йўлларда йўл-транспорт ҳодисаларининг оғир оқибатлари акс этган, фуқароларни огоҳлик ва ҳушёрликка чақирувчи тарғибот автокарвони, соҳада қўлланилаётган замонавий қурилмалар кўргазмаси ташкил этилди. Кенг жамоатчилик, маҳалла тизими ходимлари, ўқув-таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этган тадбирда юз бераётган кўнгилсиз ҳодисаларнинг асосий омиллари таҳлил қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2019 йил давомида вилоят ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари 4,6 фоизга, бунинг оқибатида вафот этганлар сони 5,9 фоизга камайган. Лекин, туманимизда бу кўрсаткичлар вилоят кўрсаткичларидан анча баланд эканлигини кўришимиз мумкин. Яъни, ўтган йили туманимизда 48 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб,  26 кишт вафот этган.
Туман ҳудудида оғир оқибатли ва инсонлар ўлими билан боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишининг олдини олиш мақсадида бир қатор режалар белгилаб олинди.

Хусусан, бундан буён транспорт, пиёдалар ва болалар ҳаракати, серқатнов ҳудудлар алоҳида назоратга олинади. Йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракати тартибга солиниб, техник тайёргарлиги таъминланади. Туман ҳудудидан ўтувчи халқаро, давлат аҳамиятидаги ҳамда маҳаллий автомобиль йўлларида талабга жавоб бермайдиган, асфальт қопламаси билан боғлиқ носозлик, ковлангандан сўнг таъмирланмаган ҳудуд, сувоқова қудуқлари, эскирган йўл белгиларини янгилаш каби камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Семинар давомида туман ҳокими А. Бахрамов ҳамда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари падполковник Ш.Юсупов сўзга чиқди. Шунингдек, жамоатчилик вакилларининг савол ва таклифлари ҳам эшитилди.

Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ўн беш кунлиги бўйича тузилган вилоят махсус ишчи гуруҳи 20 мартга қадар туманимизда иш олиб боради.

Ўз мухбиримиз




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ