Ўқитувчининг маоши ва мавқеи ошди, таълим савияси-чи?

0 176

Юртбошимиз томонидан мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим муассасаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, мактабда таълим-тарбия олаётган ўқувчилар келажакда малакали ва етук кадрлар бўлиб, юртимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшишлари керак. Бунинг учун, барча йўналишдаги фанлар бўйича давлат таълим стандартларини, ўқув дастур ва режаларни янгилаш, ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатдан янада такомиллаштириш зарурдир. Мамлакатимизда Президентимиз Фармони билан қабул қилинган "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси"да умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган. Таълим тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича мустақилликдан кейинги даврда жуда катта ишлар амалга оширилиб, кўплаб мактаблар янги қурилди, реконструкция қилиниб, замонавий талаблар асосида жиҳозланди. Ўқитувчиларнинг иш ҳақи 2019 йил 1 январдан 1,5 баравар ошди. Олис ҳудудлардаги мактаблар педагог кадрларининг меҳнатини рағбатлантириш шартлари белгиланди ва натижада уларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар берилмоқда. 

- Ўқитувчилар обрў-эътиборини, жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича амалга оширилган ишларни бутун жамоатчилик кўриб турибди, деб ўйлайман, - деди вилоят Матбуот уйида тизим масъуллари иштирокидаги ўтказилган матбуот анжуманида вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов. - Ўтган йиллар давомида халқ таълими тизимини ислоҳ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та фармони, 5 та қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилинди. Бу ҳужжатлар тизимда жиддий ислоҳотларни бошлаб берди. Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатига барҳам берилди, уларнинг ойлик маоши сезиларли ошди ва ҳоказо. Ўқитувчилар томонидан топшириладиган ҳисоботларга кўп вақт (кунига 4 соат) кетишининг олдини олиш мақсадида ҳисоботлар 7 тадан 3 тага қисқартирилди.


Аммо, шундай бўлса-да, нега тизимда муаммолар кўп? Ўқитувчиларнинг маоши, мақоми ошди, лекин савияси ҳамда ўқитувчилар томонидан ўқувчиларга билим бериш сифат ва самарадорлиги ошдими? Ахир энди шу мактабларда ўқиётган ўқувчиларга таълим-тарбия беришдаги навбатдаги муҳим вазифа - таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўлмоғи лозим эмасми? Очиқ айтиш керак-ки, тумандаги айрим мактабларда ёшларга берилаётган таълим даражаси ва сифати бугунги давр талабига тўлиқ мос эмас. Масалан, вилоят бўйича 2018-2019 ўқув йилида 11-синфни 30316 нафар ўқувчи битириб, шундан 2131 нафари, яъни 8,3 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган бўлса, Каттақўрғон туман ХТБ тасарруфидаги  мактабларининг 11-синфини битирган 2574 нафар ўқувчидан атиги 174 нафари, яъни 6,8 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган, холос. Бу вилоят кўрсатгичидан ҳам паст натижа. Тумандаги 25 та - 7, 8, 11, 19, 27, 29, 30, 33, 40, 45, 47, 49, 59, 66, 67, 70, 71, 79, 81, 82, 84, 89, 95, 99 ва 101-мактабларнинг 11-синфини битирган ўқувчиларнинг бирортаси ҳам олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаганлигини қандай баҳолаш мумкин? Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказиш кўзда тутилган. Хўш, 6,8 фоиз кўрсатгичга эришган туман Халқ таълими бўлими бундай натижа билан қачон бу кўрсатгичга эришади? Бу мактаблар раҳбарлари ва ўқитувчиларига буюк аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомизнинг 1907 йил 29 октябрда "Тужжор" газетасига ёзган мақоласидаги қуйидаги сўзларини ўқиб, уқиб олишларини тавсия қилардик: "Агар муаллимнинг ўзи, ҳозирги аксар мактабдор ва мударрислардек, камҳафсала ва ёинки кам илм бўлса, ёинки илми бўла туруб, усули таҳсилдан хабарсиз бўлса, они шогирдлари нодон қолур. Сукут сақлаб юраверсак, беш-ўн йилдан кейин янада нодонроқ бўлиб қоламиз, хор бўламиз. Шунинг учун ҳам жим юришимиз етар!" Аксар ёшларнинг нодон бўлиб қолмоғига фақат ўқитувчилар айбдорми? Собиқ Иттифоқ даврида ва мустақилликнинг 2016 йилигача мажбурий меҳнатга тортилган ўқитувчиларнинг ўз ишига меҳри сусайди. Ойлик маошнинг камлиги, текин меҳнат кучи сифатида пахта яганасидан тортиб, теримигача мажбурий иштирок этиши, йўл атрофи янтоқ-ўтини чопиб, ҳатто фермер даласига нури чиқаришгача бўлган ишларни бажаришгача мажбур қилиниши кўпгина эркак ўқитувчиларнинг ўз касбидан совиб, мактабни ташлаб кетишига сабаб бўлди. Мактаб ўқитувчиларининг 60-70 фоизини хотин-қизлар ташкил этиб қолди. Энди ўша 10-20 йил олдин мактабни  ташлаб кетган ўқитувчилар яна мактабга қайтмоқда. Бир ой  малака ошириш курсида ўқиб келган билан улар замон талабига жавоб берадиган ўқитувчи бўлиб қолдими? Малака ошириш институтида ҳам ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ҳозирги давр талабига жавоб беради деб ўйлайсизми ёки...? Барча ўқитувчилар Ахборот-таълим портали, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва  уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази каби таълимга оид сайтлар ҳақида тасаввурга эгами? 


- Энди холисона айтинг, мактаб дастурини билмайдиган ўқитувчидан нимани кутиш мумкин? - деб ёзган 77-мактаб ўқитувчиси Муҳаббат Турсунова. Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов "Ҳуррият" газетасининг 2020 йил 8 январдаги "Ҳатто, диктант ёзолмайдиган ўқитувчилар бор!" деб номланган мақоласида. - Олий маълумотли ўқитувчи диктант ёза олмаса, келажагимиз бўлмиш фарзандларимизнинг тақдирини шундай ўқитувчига ишониб топшириш мумкинми? Бунга қайси ота-она рози бўлади? Ахир, бу энг аввало, касбга, келажак авлодга хиёнат эмасми?


Хуллас, саволлар кўп, лекин бунга жавоб бера оладиган халқ таълими фидойиси бормикан? Беҳбудий бобомиз айтганидек, "аксар ўқитувчиларимиз илми бўла туруб, усули таҳсилдан хабарсиз бўлса" айбни қаердан излаш керак? Беш-ўн йилдан кейин фарзандларимизнинг янада нодон бўлиб қолмаслиги учун энди жим юришимиз етар! Касбимизни ардоқлаб, замон билан ҳамнафас юрайлик.


Мактаб директори савияси қандай бўлса, мактаб ҳам шундай бўлади, деган гап бор. Хўш, бугунги кунда мактаб директори вазифасини эгаллаб турганларнинг ҳаммаси ҳам лавозимини виждонан бажара олаяптими? Мактаб тақдири, ёшлар келажаги билимли, талабчан директорга боғлиқ экан, уларга фрацуз ёзувчиси Анри Барбюснинг қуйидаги сўзларини ёдига солиб ўтмоқчиман: "Мактаб вояга етаётган авлод тафаккурини шакллантириш устахонасидир, агар келажакни қўлдан чиқаришни истамасанг мактабни қўлда мустаҳкам тутмоғинг лозим". 

Эшпўлат САФАРОВ.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ