ДОНОРЛИК - БЕҒАРАЗ ВА САВОБЛИ ИШ

0 411

Қон бу ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган ва сунъий равишда ишлаб чиқиб бўлмайдиган инсон ҳаётидаги муҳим неъмат ҳисобланади. Шу боисдан мамлакатимизда донорлик тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Қон захирасини таъминлашнинг  ягона йўли соғлом кишилардир.  

Донорлар томонидан топширилган қон шифохонада оғир бетоб бўлиб ётган беморларнинг тезда соғайиб соғлом ҳаётга қайтишлари учун бебаҳо даво ҳисобланади. 


Қон топширган кишида топширилган қон ўрни тезда элементлар билан тўйинган янги қон билан тўлади, организмнинг янада иммунитети ошиб, касалликларга қарши курашиш фаолияти ошади. Тасаввур қилинг, шифохоналарда ҳар хил кутилмаган ҳолда жароҳат олиб, кўп қон йўқотиб бетоб бўлиб ётган беморлар сизнинг қонингизга муҳтож. Оз миқдорда қон топшириш эвазига донор бир беморни ҳаётга, ўз оиласи бағрига қайтишига, ҳаётнинг қувончли онларини кўришга катта ёрдам бериб, ҳаётини сақлаб қолади. Бу ёрдам билан донор нафақат бемор одамларни ҳаётга қайтаради, балки ҳар бир соғлом одам олдидаги инсонийлик, деб аталмиш олийжаноб ва шарафли бурчини адо этган  ҳисобланади.

Қон топшириш соғлом организм учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Ҳар қандай ривожланган давлат фуқаролари ўз ҳоҳишлари билан, саломатликларини ўйлаган ҳолда, олдиларидаги инсонийлик бурчини бажаришлари учун беғараз қон топшириб туришади.

  Туманимизда ҳам ана шундай савобли тадбир бўлиб ўтди.  Вилоят қон қуйиш маркази шифокорлари томонидан тумандаги барча корхона ва ташкилотлар ходимлари, уюшмаган аҳолидан ихтиёрий равишда қон қабул қилишиб, савобли ишни амалга оширдилар.


- Ўз хоҳишим билан ушбу савобли ишга ҳисса қўшдим, – дейди Мадраса маҳалласида яшовчи хусусий тадбиркор Отабек Усмонов. – Кўплаб инсонлар қон топширишди. Албатта, кимнингдир саломатлиги йўлида бу каби хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг қанчалик бағрикенг ва олийжаноб эканлигини яна бир бор кўрсатиб берди.

Ўз мухбиримиз. 




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ