Борингизга шукур, яхшилар

0 63

Ривоятларга кўра, қадимда кўчага отланаётган оила бошлиқларини аҳли аёли: «Уйга қуруқ қайтсангиз ҳам майли, лекин зинҳор ҳаром луқма олиб келманг. Чунки биз очликка чидаймиз, аммо ҳаром луқма ейишни хоҳламаймиз...» деб ишга кузатишар экан. Ўзи муқаддас деб билган уй остонасида бу сўзларни эшитган киши кун бўйи унинг таъсирида юрар, оиласига қинғир йўл билан луқма олиб боришдан тийилар экан.

Тилдан-тилга ўтиб, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган бу каби ибратли сўзларга бугун қанчалик амал қилиняпти? Баъзан оммавий ахборот воситалари орқали қайсидир мансабдорнинг пора олаётган вақтда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақидаги хабарни эшитиб, шу ривоятни эслайвераман.
Наҳотки, у келажакда яхши инсон бўлади, халққа нафи тегади, дея тарбиялаётган жигарбандларига ҳаром луқмани раво кўрса? Наҳот, кўзларини жовдиратиб: «Дадажон, нима олиб келдингиз?» дея бидирлаган «тўполончи» ўғилчасининг қўлига ҳаром йўл билан топилган пулга сотиб олинган ширинлик тутқазишдан тап тортмаса? Аслида, порани берган ҳам айбдор деймиз-у, иш билан келган одамни турли ҳужжатларга «кўмиб ташлаш», ҳали у кам, ҳали бу кам деб сарсон қилиб, «узатиш»га «ундаш» ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бундай ҳолатларга-ку ҳар куни ҳам дуч келавермаймиз. Лекин қонун нуқтаи назаридан олиб қараганда, жиноят бўлмаса-да, бировнинг иложсизлигидан фойдаланиб қолиш йўли билан пул топиш ҳам, менимча, маънавий жиноят бўлса керак.
Халқимизда инсоф сари барака, деган нақл бор. Дарҳақиқат, инсоф билан, ҳалол йўл билан топилган бойликда барака бўлиши, луқма ҳам тотли бўлиши кўп бор исботини топган. Назаримда, кейинги пайтларда орамиздан шу инсоф бир оз кўтарилиб қолгандек туюляпти. Бошқаларнинг ночор ҳолатидан ҳам даромад орттириб олиш йўлини излаётган, яна буни тирикчилик, дея оқлаётганлар ҳам топилади.
Яқинда Паркент туманига кетиш учун пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Муҳаммад Юсуф кўчасига бордим. У ердан туманга микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилган. Аммо шанба куни бўлгани, кўпчилик ўқишдан, ишдан қайтгани учун одам жуда кўп эди. Шу боис мик­роавтобусларда кета олишига кўзи етмаган айрим одамлар Паркент туманига кетувчи енгил машиналарга ҳам талашиб-тортишиб ўтириб олишарди. Мени ажаблантирган нарса шу бўлдики, ҳар доим 
10 000 сўмдан йўловчи олиб кетадиган енгил машиналар шундай тиғиз пайтда йўлкирани 
12 000 сўм қилиб белгилаб олишибди. Бу, албатта, биринчиси эмас, байрамлар арафасида вилоятларга қатнайдиган енгил машиналар нархи кўтарилиб кетиши барчага маълум. Чунки кўпчилик, айниқса талабалар байрамларда уйига боришади. Ота-­онасини соғинган, берилган таътилдан унумли фойдаланиб, кўпроқ улар ёнида бўлишга интилишади. Шу боис ҳам айтилган нархга кўнишдан бош­қа чораси йўқ. Уларнинг чорасизлигидан фойдаланиб, нархларни сунъий равишда ошириб олаётганлар эса кимнидир норози қилиб пул топаётганини ўйлаб ҳам кўришмаса керак.
 Бу каби ҳолатларни пойтахтимиз кўчаларида ҳам кузатиш мумкин. Кундуз кунлари кўчада «Такси керак эмасми?», «Қаёққа борасиз?», дея мулозамат қилаётган киракашлар, эрталаб ишга шошилиб турган пайтингизда ёки ишдан кечроқ чиқиб, автобус қатновлари тўхтаган пайтда, отнинг калласидек нарх қўйиб олиши ҳам йўловчиларнинг ноиложлигидан фойдаланиш эмасми? Ўки ҳайит, Янги йил арафасида бозордаги баъзи озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоси кўтарилиб қолиши, айём ўтгач, яна эски нархига қайтиб қолишларини ҳам кўп бора кузатганмиз.
Миробод деҳқон бозори ёнидан такси тўхтатиб, Қўйлиққа бормоқчилигимни айтдим.
— Ўтир, — деди кекса ҳайдовчи йўл нархини ҳам айтмай.
Ҳисобли дўст айрилмас, деганларидек, неча пул беришим кераклигини сўрадим.
— Йўлим ўша томонга, болам, кўнгилдан чиқариб берарсан, ахир. Ўмғирда турганингга тўхтадим, — деди машинага ўтирганимдан сўнг.
— Раҳмат, амаки, борингизга шукур, — дедим унинг самимийлигидан кўнглим тўлиб.
Йўл бўйи ичимда шунақа яхши инсонлар ҳам кўплигини, одамийлик, инсоф каби тушунчалар ҳали ўлмаганини ўйлаб бордим. Аммо энг ажабланарлиси Қўйлиққа етиб борганимиздан кейин бўлди. Ҳайдовчига яхлит 5000 сўм бердим. У мени ҳайратда қолдириб, 2000 сўм қайтим узатди.
— «Маршрутка»да 2000 сўмга келардинг, мен 3000 сўм олдим, рози бўл, — деди у пулга қараб ажабланиб турганимни кўргач.
Бир қарашда арзимасдек кўринган бу илтифот билан ҳалиги киши менга: «Сен ҳам бир кун келиб шахсий автомобиль сотиб олсанг, шундай қилгин, сендан ўрганиб яна кимдир шундай қилади, қарабсанки, инсофли одамлар кўпайиб бораверади», деяётгандек туюлди...

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,
«Postda» мухбири.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ