Дўстлар ғаниматдур, сайр этинг гулистонлар

0 28

2018 йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони эълон қилинган эди. Ушбу тарихий ҳужжат республикамизнинг чет элларга юз тутиши ва миллионлаб хорижликларнинг она диёримизга ташриф буюриши, буюк тарихимиз, бугунги фаровон ҳаётимиз, зиёратгоҳларимиз ва жаннатмонанд гўшаларимиз билан яқиндан танишиши учун, қолаверса, мамлакатимиз иқтисодига қўшимча катта даромад келиши учун кенг имкониятлар яратади. Қисқа давр ичида Фармоннинг ижросини таъминлаш юзасидан республика миқёсида салмоқли ишлар,чора-тадбирлар амалга оширилди.Хориждан келаётган сайёҳлар сони сезиларли даражада ортди. Муҳими, ўзимиз  ҳам ўлкамиз бўйлаб саёҳат қилиб, маданий ҳордиқ чиқаришни ўргана бошладик.

Лекин назаримда биз, яъни Каттақўрғон шаҳри ва тумани аҳли, бу манфаатли эзгу ҳаракатлардан бироз четда тургандаймиз. Чет эл сайёҳлари тугул, ватандошларимизни диққатга сазовор жойларимизга таклиф этиш, уларга юқори даражада хизмат кўрсатиб, масканимиз довруғи, шуҳратини  оширишга бефарқ қараяпмизми деб ўйлайман. Айниқса, ёнгинамиздаги Самарқанддай улуғ ва муқаддас шаҳарни, Имом Ал Бухорий абадий қўним топган масканни, бошқа муборак саждагоҳларни ҳар йили юз минглаб сайёҳлар зиёрат қилгани ташриф буюриб турган бир пайтда наҳотки уларнинг бир қисмини  Каттақўрғон ва унинг атрофидаги диққатга лойиқ жойларга  жалб этиш, Суфи Оллоёр, Мирий, Шавқий ва бошқа машҳур кишиларимиз қабрини зиёрат қилиш, уларнинг ҳаёти ва адабий мероси ҳақида маълумот бериш, "Ўзбекистон денгизи", Зарафшон дарёси соҳилларини томошо қилдириш, шаҳар драма театрининг сара асарларини уларга намойиш этиш имконияти бўлмаса?
Пайшанбалик пазандаларнинг тансиқ таомларини қайси бир юртдошимиз татиб кўришни истамайди? Кўклам ва ёзнинг бошларида тоғолди зоналарига (Мойбулоқ, Андоқ, Ёнбош каби қишлоқларга) саёҳат уюштириш, сўлим ва бетакрор табиатимиз билан меҳмонларни яқинроқ таништириш имкониятини излаб топиш мумкинку. Умуман туман ва шаҳримизда йўлларни тартибга келтириш, замонавий ва озода тамаддихоналар очиш, чўмилиш ҳавзалари барпо этиш каби масалаларда биз сезиларли даражада   орқада қоляпмиз.
Фармон қабул қилиниши билан республикада "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" шиори остида мамлакат бўйлаб таништирув саёҳатлари ва турларини ташкиллаштиришнинг кенг миқёсли дастури ишга туширилмоқда. Унинг доирасида бир миллионга яқин фуқароларимиз, шу жумладан, ўқув муассасаларининг ўқувчилари ва талабалари, ногирон болалар ва кам таъминланган оилалар фарзандлари, ишчилар, пенсионерлар, маҳалла фаоллари, аёллар ва аҳолининг бошқа қатламлари ҳам мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш имконига эга бўлмоқдалар. Поезд ва авиа чипталари, меҳмонхоналарда яшаш, овқатланиш борасида чегирмалар жорий этилди. Бошқа қулайликлар яратилмоқда. Биз ҳам ташаббус кўрсатиб, олдинига каттақўрғонликлар учун республикамизнинг олис масканларига эмас, шаҳримиз ва туманимиз бўйлаб саёҳатлар, дам олиш турларини ташкил этсак бўлади-ку. Бунинг учун бироз изланиш, меҳнат ва фидойилик талаб этилади холос.
Дейлик, бирор бир тадбиркор, юмшоқ ва замонавий, қулай автобусни топиб, бир гал 30-35 нафар адабиёт ва санъат ихлосмандини (бошқа сафар ўзга соҳа ходимларини) бир кунлик саёҳатга таклиф этсин. (Хизмат ҳақи, транспорт ва овқатланиш харажатлари арзонроқ белгиланса бир кунлик бундай саёҳатга чиқишни хоҳловчилар топилса керак.) Бу гуруҳ Иштихондан Каттақўрғон туманига кириб келишдан саёҳатни бошлаб, шаҳарнинг ва туманимизнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат ва томошо қилсин. Сув ҳовузи, Қорадарё соҳилини кўздан кечирсин. Тушликни қилгач, театрда бирор бир спектаклни кўрсин. Музейга, мадрасага, марказий ўйингоҳ ёки истироҳат боғига кирсин... Менимча бу саёҳатдан маънавиятли одам албатта катта завқ олади, яшаб турган жойи ҳақидаги тушунчаси, билими кенгаяди.
Олдинига кимларгадир бу эриш туюлиши, "Сиз айтган жойларни хоҳлаган пайтда томошо қилавераман. Ўзимда енгил машина бор" дейиши мумкин. Лекин Рудакийнинг "Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун, дўстлар дийдоридан бўлолмас устун" деган пурҳикмат сўзларини унутмайлик. Ҳар қалай дўстлар ва яқинлар даврасида бундай тадбирлар ўтказилиши, саёҳатлар уюштирилиши кўпчиликка маъқул бўлса ажабмас. Сиз нима дейсиз, азиз муштарий?

Мамадали ЭРГАШЕВ.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ