Бобур – инсонлар қалбини забт этган дилбар шахс

0 38

Ҳар  вақтки  кўргайсен менинг сўзумни,
Сўзумни ўқуб анлағайсен ўзумни.
                                      Заҳириддин Муҳаммад БОБУР.


Йирик давлат арбоби, моҳир лашкарбоши, ўзбек  мумтоз   адабиётининг  йирик  вакили, тарихчи, географ, нозиктаъб файласуф, маданият ва сиёсат  арбоби, бобурийлар сулоласининг асосчиси  Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх  ибн Абусаид  ибн Султон   Муҳаммад ибн Мироншоҳ  ибн  Темурбек - Бобур 1483  йил   14  февралда  Андижонда   таваллуд  топган. Амир  Темурнинг   тўрт   авлод кейинги  набираси, Чингизхон  наслидан  бўлган Қутлуғ Нигорхонимнинг  фарзанди  Заҳириддин  Муҳаммад Бобур  фавқулодда  зеҳн  ва   заковатли, қўшинни   ғалаба   сари  етаклай оладиган саркарда, беназир  шоир  бўлган. 11 ёшида  тахтга  ўтирган  Бобур   умрининг  36  йилини (5 йили Мовароуннаҳрда, 26   йилини  Кобулда  ва 5   йилини Ҳиндистонда) ҳукмдорликда  ўтказди. Ўзининг  47   йилу ўн   ойлик  умри  давомида   буюк  бобурийлар  сулоласига   асос  солди. Бу  сулола   ҳукмронлиги 181 йил (1521-1707 йиллар) давом  этди. Бобур  қисқа  умри  давомида шоҳ ва шоир, қомусий олим, моҳир лашкарбоши, буюк яратувчи  бунёдкор сифатида дунёга танилди. Жаҳон   миқёсида   Бобур  Мирзонинг тан  олинишига   муносиб  ҳисса  қўшган  инглиз  олими У.Эрскин  унинг маънавий  ва   жисмоний  жиҳатдан  комил  инсон   бўлганлигини  ўзининг  "Бобур   Ҳиндистонда" асарида  шундай   таърифлаган: "Бобур  ўткир  мерган  ва   ботир  қиличбоз  эди... Унинг  гавдаси  шу   даражада  бақувват  эдики, баъзан  ҳар  иккала   қўлтиғига икки  навкар   қисиб   олиб, Агра  қалъаси  девори  устида   юрарди  ва  шу  аҳволда  йўлида  учраган  тўсиқлардан  ўтарди". Бу  жиҳатдан  ҳам  Бобур  бобоси   Амир  Темурга  ўхшаб кетади. Машҳур   тарихчи Ибн  Арабшоҳнинг  ёзишича "Темур баланд бўйли, тик қоматли, кенг   пешонали, калласи  катта,  бағоят   кучли   ва  салобатли...ҳақгўй киши эди".
Бобур   тахтга  ўтирганда Мовароуннаҳр  ва Хуросон   тарихида ғоят   зиддиятли  давр  эди. Соҳибқирон Амир Темур бобоси тузган  марказлашган   давлат инқирозга   юз  тутган, шаҳзодалар  ўртасида ўзаро тож-тахт  учун курашлар  авж   олиб, эл-юртнинг иқтисодий-сиёсий  ва   маданий-маиший ҳаёти  оғирлашган  бир   замонда Бобур бобосидек марказлашган давлатт тузишга  киришди. Шу мақсадда  Самарқанд  шуҳратини тиклаш учун Султон  Али  Мирзо, Бойсўнқир  Мирзо  ва   Шайбонийхонлар  билан  курашиб, гоҳғолиб, гоҳ  мағлуб  бўлди. Андижонни   Шайбонийхон  эгаллагандан кейин  Бобур  Афғонистонга  кетишга мажбур  бўлди. Бир-бири  билан  низолашиб   ётган  афғон  халқини  бирлаштириб, ўз  давлатини  тузди   ва Қобулни   марказ  қилиб  олди. Бу  ерда   26  йил  ҳукмронлик  қилгач, сўнгра Ҳинд  сари   юзланди. Оз  сонли  аскари   билан  Иброҳим  Лудийнинг  кўп  сонли   аскарларини  енгиб, Ҳиндистонда  ўзининг   марказлашган  давлатини  барпо   этди. У  ўз давлати  ва  ҳокимиятини  асосан   илм-фан, маданият ва маърифат   кучига асослаб   қурди. Афғонистондаги каби Ҳиндистонда ҳам кўплаб боғлар яратди, бинолар, кўприклар, мактаб-мадрасалар  қурдирди, улкан   обидалар  барпо  этди. Ҳинд  халқининг иқтисодий-ижтимоий, сиёсий   ҳаётида   катта  ижобий  ўзгаришлар  қилди.  Шу   боис  ҳам  Ҳиндистоннинг машҳур  давлат   арбоби Жавоҳарлаъл   Неру  ўзининг  "Ҳиндистоннинг   кашф  этилиши" китобида Бобурга  шундай  таъриф   берган: "Бобур  дилбар  шахс. Уйғониш даврининг  типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган. У санъатни, адабиётни  севарди, ҳаётдан  ҳузур қилишни  яхши  кўрарди. Саркарда  сифатида  у Ҳиндистоннинг  кенг  ҳудудини  ўзига  бўйсундирган, лекин у бу   ютуқлардан   ҳам   мустаҳкамроқғалабани  қўлга  киритишни, яъни одамларнинг  ақлини  ва  қалбини  забт  этишни   ўйлар   эди". Ўзининг инсонпарварлиги, самимияти, ҳарбий  салоҳияти  ва  моҳир  дипломатлиги   билан  ҳинд  халқининг  ақлини   ва қалбини  забт  этган   Бобур 1530  йил  26 декабрда Аграда  вафот   этди. Унинг  васиятига  кўра  валиаҳд  шаҳзода Мирзо  Хумоюн   филлар  карвонида   Бобур Мирзо ҳокини  Қобулга олиб  келиб, ўзи  яратган боққа  дафн  этади   ва  қабрига  сағана, устига  кўшк  айвон   бунёд  этишади. Ҳозир  бу  ер   "Бобур  боғи"  номи билан жаҳонга   машҳур. Бу   боғҳозирги   кунда ҳам   сайлгоҳ   бўлиб, давлат, жамоатчилик томонидан  ўтказиладиган  оммавий   анжуманлар  марказига  айланган.
Бобур   бизга  бой  адабий   меърос  қолдириб кетди. Унинг   лирик  асарлари  жамланган   мислсиз  шеърий  девони, жаҳонга  машҳур  "Бобурнома"  асари, "Хатти  Бобурий" рисоласи, "Мухтасар", "Волидийа"нинг  туркий таржимаси, 300га  яқин  фалсафий  рубоийлари, солиқ  ва  вақф  ҳуқуқига  оид   "Мубаййин" асари   бизга  бой  мерос   бўлиб   қолди. Ўз фаолиятини  1992  йилда   бошлаган  "Бобур"  халқаро жамғармаси  томонидан Ҳиндистонга   уюштирилган  илк  экспедеция   чоғида   бобурийлар   авлоди  бўлган  Тусийлар   оиласини  топишга  муваффақ  бўлишди. Ҳайдаробод  шаҳрида  яшаётган  ака-ука   Зиёвутдин  ва Шижовутдин, Махситдин  Тусийлар  ва уларнинг   онаси  Лайло  Уммахонимлар   1995  йилда  Андижонга   келишди. Шунингдек, ҳозирда  Деҳлида яшаётган  Покиза  Султонбегим, Лондонда  яшаётган   Тоҳира   Султонбегим ва Манчестерда   яшаётган Алихон Навозларни   экспедиция  аъзолари  топишга   муваффақ   бўлишган.
Хулоса   қилиб   айтадиган  бўлсак, ўзбек халқининг  буюк  фарзанди, шоҳ  ва   шоир  Бобур  Мирзонинг   ҳаёти   ва  ижоди  келажак   авлодга  ўрнакдир.

Эшпўлат САФАРОВ.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ