Сув йўли равон – ҳар гўша гулистон

0 125

Сув-ҳаёт  манбаи. У инсонга  ҳам, она-заминга   ҳам ҳаёт  бахш   этади. Ариқ-зовурлар қазилиб, сув оқиши учун равон бўлса, қишлоқ  хўжалик  экинларидан мўл ҳосил  олиниб, ҳар бир гўшамиз  гулистонга айланади. Бунинг  учун,сув  йўлларини  қазиб, тозалаш,ҳар хил  чиқинди-ахлатларни  тўкмаслик, маҳала раислари  ва  фаоллари аҳоли  ўртасида  тушунтириш  ишлари олиб  боришлари лозим.

Тумандаги  жами   35943,0  гектар суғориладиган   майдонларни  ўз  вақтида, кафолатли сув билан таъминлаш ва суғориш ишларини сифатли амалга ошириш  ҳамда  юқори  ҳосилдорликка  эришиш   мақсадида   2019-2020 йилги  кузги-қишги   мавсумида  89,7 км  узунликдаги   хўжаликлараро каналларни   механизмда  қазиш   ишлари  олиб  борилди. Қазиш  ишлари учун   жами 16 дона  эксковаторлар  жалб қилинди. 662,0 км  узунликдаги ички  ариқларни  қўл  кучида   қазиш   ишлари  784  нафар  ҳашарчилар ёрдамида   амалга  оширилмоқда. Каналлардаги   85 дона  гидропостлар таъмирланди, 4 дона  гидропостлар  қайта  қурилди, 45 дона  гидротехник иншоотларда  тиклаш   ишлари  тугалланди. Хўжаликлараро   ва  фермер хўжалик  ариқлари  суғориш   мавсумига  шай  ҳолатга  келтирилмоқда.
Лекин,бугунги  кунда   туманимиздаги  МФЙлар  ҳудудидан  ўтувчи ариқлармизнинг  ҳолатини  қониқарли  даражада   деб  бўлмайди. Ариқларни  лойқа-қум  босиши  билан   биргаликда, турли  хил  ахлатлар   билан  тўлиб  қолган. Ариқларимиздаги   ушбу   ахлатлар  сув  билан   оқиб  келмаган, албатта. Уларни  шу  маҳалла, шаҳар  ёки  қишлоқларда   яшовчи  айрим ноинсоф  шахслар   ташлаган. Ваҳоланки, доно  халқимизнинг "Сувга қараб супурма, сувга қараб тупурма" деган ҳикмати бор. Лекин ,бугунги  кунда ушбу  ҳикматга  ҳамма  ҳам бирдай  амал  қилмаётганлиги   ачинарли  ҳол. Боболаримизнинг "Бундан бир неча йиллар олдин ушбу ариқлардан келган сувдан ичимлик суви сифатида фойдаланганмиз" деган сўзлари бугунги кунда бизга "эртак"дек туйилади. Ҳозирги вақтга келиб ариқларга ташланаётган ахлатлар натижасида, оқаётган сувнинг ифлосланиш даражаси  ортиб кетаяпти.Шу  сабабли, бу сувдан одамнинг  истеъмол  қилиши у ёқда  турсин,ҳатто суғориш ишларида ҳам  фойдаланиш хавфсиз эмас. Ўз томорқаларимизда етиштирилаётган экинларимизни  турли хил касалликларга чалиниши ва зараркунанда хашаротларнинг кўпайиб кетаётганлигининг асосий сабаби ҳам сувнинг ифлосланиб бораётганидандир. Сувнинг исрофгарчилиги ҳамда ифлосланишини олдини олиш учун ариқларни ўз вақтида қазиш,унга  ҳеч  қандай чиқинди-ахлат  тўкмаслик лозим.
Туманимиз ҳокими ва мутасадди ташкилотлар томонидан  бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан, ҳеч қандай сабабларсиз ариқ қазиш ишларини орқага суриб, пайсалга солиб юрган аҳоли ва буни назоратсиз қолдираётган маҳалла фаоллари  ҳам  мавжуд. Уларга  халқимзнинг "Отанг мироб бўлса ҳам, ариғингни  ўзинг  қоз!" деган  ҳикматли  сўзини  эслатиб   қўйишни  жоиз  деб   топдик. Олдимиздан оққан сувни қадрига   етиб,сув  чўлни  ҳам  гулистонга айлантирувчи  Аллоҳнинг неъмати   эканлигини  унутмайлик.

Жамшид ҚЎЛДОШЕВ,

туман сув хўжалиги бўлими бошлиғи.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ