Кимки бўлса тежамкор...

0 64

Аллоҳ таоло бутун оламни барпо этгач, қуруқликда, ер ости ва сувда, ҳавода яшайдиган мавжудотларни яратди ва бутун мавжудотнинг яшаши, насл қолдириши учун ўзига хос неъматлар билан сийлаб, ҳар бирига ризқ-насиба улашди. 

Мазкур мавжудотларнинг онглиси инсондир. Инсон сўзи бирликда банда, одам, киши, кўпликда эса элат, эл, халқ каби маъноларга эга. Инсон бошқа мавжудотлардан ўзининг ақли, фаросати, ҳис-туйғуси,онгги  ва    тафаккури билан ажралиб туради.


Аммо, инсон сўзининг туб маъносига эътибор қилсак, инсон сўзи араб-чадан олинган бўлиб, "нисён"- яъни, унутувчи маъносини билдиради. Буни шундай изоҳлаш мумкин: инсон(банда)ларнинг баъзилари "неъмат"сўзининг маъносини тор маънода - фақат моддий неъматларнигина тушунишади. Сув, ҳаво, тансиҳатлик, эл-юрт тинчлиги, фаровонлик, серобчилик каби инсон ҳаётининг асоси бўлган нарсаларни унутиб қўядилар. Гўё бу нарсалар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган табиий ҳолат деб ўйлайдилар. Мол-дунё, мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш нарсаларнигина неъмат деб биладилар.


       Холбуки, кишининг ҳаёти учун манфаатли бўлган барча нарсалар Аллоҳ таоло ҳадя этган неъматлардир. Зеро, бу   неъматларнинг қадрини билиш, уни эъзозлаш, ундан тежамкорлик билан фойдаланиб, шукрини адо этиш инсонларга хос фазилатдир.


 Халқимиз дуога қўл очганда Яратгандан юртга тинчлик, хотиржамлик, фаровонлик, серобчилик, мўл-кўлчилик бўлишини бежизга тиламайди. Чунки бу неъматлар инсон ҳаёти учун энг олий неъматлардир. Бу неъматлардан   баҳраманд бўлган ҳар бир инсон шукронасини ҳам адо этиши мақбулдир. Неъматларнинг бардавом бўлиши унинг шукрини адо этилишига боғлиқ.


Инсоният тарихига назар солсак, аждодларимиз кўплаб уруш, қаҳатчилик, очарчилик, қурғоқчилик, талончилик йилларини бошидан ўтказган. Аммо, барчасига Аллоҳдан нажот сўраб, сабр-тоқат билан шукр қилиб, ҳаёт кечиришган.


Кўп узоққа бормайликда, ўтган ХХ асрнинг охирлари ва Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларини эсга олайлик. Тузум ўзгариши арафасида баъзи ношукур корчалон мансабдорлар ўз манфаатини ўйлаб, савдо омборларидаги ноз-неъматларни уйига ғарамлаб ташиб олди. Натижада дўконларнинг пештахталари бўшаб қолди. Оқибатда, мамлакат ичкарисида танқислик вужудга келди. Шу туфайли бир неча йил қийналган бечора халқ борига шукр қилиб, сабр-қаноат билан яхши кунларнинг келишини Яратгандан сўраб яшади. 


Мустақиллигимиз туфайли орзу қилинган кунларга ҳам етдик. Ҳукуматимизнинг саъй-ҳаракатлари билан юртимизда фаровонлик бошланиб, қимматчилик ва танқислик бартараф этилди. Шу билан тинчлик ва осойишталикка замин яратилди. Яратганнинг бу иноятига шукр демай бўладими? Бошимиздан кечирган танқислик, қимматчилик йилларини унутмаслигимиз лозим.


Ҳеч кимга сир эмаски, мўл-кўлчилик, тўқчилик, фаровон ҳаёт бошлангач, бир оз қорнимиз тўйиб, чорак аср муқаддам рўй берган тан­қислик туфайли бошимизга тушган қийинчиликларни унитдик. Маракаларда, тўйларда баъзи кимсалар томонидан ризқ-рўзимиз бўлган неъматларнинг исроф қилиниб, кўплаб ушатилган нонларнинг увол бўлаётгани бунинг исботидир. 


Катта ва муҳташам тўйхоналарда сават-сават исроф бўлаётган нон ва бошқа моддий неъматларни кўрган киши ҳайратга тушиши табиий. Бу исроф бўлган неъматлар  кунжара, ем ўрнига молга берилаяпти. Наҳотки, Роббимиз ато этган чексиз ноз-неъматларнинг шукронасини демай, ношукурликка юз тутган бўлсак! Айтмоқчи бўлганимиз, ўша машъум кунларга тушмаслик учун неъматларни қадрлашимиз, уларнинг шукрини адо этишимиз лозим эмасми?!


Назаримда, исрофгарчиликка қарши ҳукуматимизнинг қатор қарорлари ҳаётга тадбиқ этилаётган бўлсада, аммо ижросида ўзгариш сезилмаяпти. 


Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-ояти орқали "Ва из таззана роббу-кум, лаъин шакартум лаази даннакум. Ва лаъин кафартум инна азаби ла-шадит". Яъни, "Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир" дегани  барчага тегишлидир.


Аллоҳ таоло беҳисоб неъматларни ато этиб, барчамизга ризқ-рўз улашган экан, шуларнинг ичида инсон ҳаёти учун энг муҳими нондир. Аждодларимиз "Ноннинг увоғи ҳам нон, увол қилиш катта гуноҳдир", "Нонни хор қилсанг, у сени кўр қилади", - деб сабоқ беришганини унутмаслик керак. Нонни азиз тутиб, бир увоғини ҳам исроф қилмаслик ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир. 


Аллоҳ таолонинг расули пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алай-ҳи васаллам) умматларини "Нонни эъзозлаб енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар, Аллоҳ таоло исрофгарчиликни асло дўст тутмайди" ёки "Эй, умматларим, енглар, ичинглар, садақа-эҳсон қилинглар, лекин уларга исроф ва такаббурлик аралашмасин", - деб огоҳлантирган.


Тўғри, халқимиз азал-азалдан ўзининг меҳмондўстлиги, саховатлилиги, бағри кенглиги билан бошқа элатлардан ажралиб туради. Шунга кўра урф-одатимиз бўйича ўтказилаётган диний маросимларимиз, миллий байрамларимиз, тўйларимиз жуда кўп. Бу анъаналар ҳозирги тўқчилик даврида янада авж олган. "Сендан мен камми?" дегандек, ўтказилаётган маросимларнинг бири иккинчисини "босиб" ўтаяпти. Шу туфайли исрофгарчиликлар юзага келаяпти. Афсуски, юқорида таъкидланганидек, ортиб қолган ноз-неъматлар, жумладан азиз ҳисобланган ушатилган нон бўлаклари ҳам ҳайвонларга берилаяпти. Холбуки, бўлаётган бу исрофгарчиликлар динимиз таълимотига зиддир. Халқимиз томонидан айтилган "тежамкор одам асло қашшоқлик кўрмайди" деган мақолга амал қилиб яшасак фойдадан холи бўлмасди.


Азизлар! Аллоҳнинг яратган ноз-неъматларини суистеъмол қилмай, тежамкорлик ва тадбиркорлик билан исрофгарчиликнинг олдини олсак нур устига аъло нур бўларди.


Бекназар ШОМУРОДОВ,
Янгиқўрғонча маҳалласидаги "Ризвон бобо" жомеъ масжиди имом хатиби.




Ўхшаш янгиликлар


ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ