DataLife Engine / Ноҳақ ишдан ҳайдалган икки аёлнинг ҳуқуқи тикланди

Ноҳақ ишдан ҳайдалган икки аёлнинг ҳуқуқи тикланди

Бундан бир оз муқаддам Сирдарё вилояти Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига фуқаролар Д.Субҳонова ҳамда М.Акбаровалар мурожаат қилган, деб хабар бермоқда федерациянинг ахборот хизмати.

Мазкур икки фуқаро Мирзаобод туманидаги 31-сонли умумий ўрта таълим мактабида фаррош вазифасида ишлаб келган. Мурожаатда иш берувчи улар билан тузилган меҳнат шартномасини меҳнат интизомини қўпол бузганликлари важи билан бекор қилганлиги баён қилинган бўлиб, ушбу масалани қонунийлигини ўрганиш ва ишга тикланишларида амалий ёрдам кўрсатилиши сўралган.


Фуқароларнинг ушбу мурожаати Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси мутахассислари ҳамда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси ҳамкорлигида атрофлича ўрганиб чиқилган. Ўрганишлар давомида Д.Субҳонова ҳамда М.Акбаровалар билан меҳнат шартномаси бекор қилинишида меҳнат қонунчилигининг бир қатор талаблари бузилганлиги аниқланган. Шу асосда ходимларни ишга тиклаш ва мажбурий прогул даври учун уларга хақ берилиши юзасидан Касаба уюшмалари томонидан мактаб маъмуриятига тақдимнома киритилган.


Бироқ, бирлашманинг ушбу тақдимномаси ижроси 31-сон умумий ўрта таълим мактаби маъмурияти томонидан ижобий ҳал этилмаган.


Шундан сўнг Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан фуқаролар Д.Субҳонова ҳамда М.Акбароваларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилоят судига даъво аризаси киритилган. Мазкур даъво аризасига асосан Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг 2019 йил 1 ноябр кунидаги ҳал қилув қарори қабул қилиниб, ходимлар Д.Субҳонова ҳамда М.Акбаровалар ўз вазифаларига қайта тикланиб, уларга мажбурий прогул кунлари учун жами 1 миллион 585 минг 612 сўм иш хақи ундирилиши белгиланган.


“Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича йўлга қўйилган самарали тизим натижасида Федерация қошида фаолият кўрсатаётган Юридик клиника, 1092 қисқа рақамли “Ишонч телефони”га меҳнаткашлардан келган ёзма ва оғзаки мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилмоқда”, — дейилади хабарда.
5-12-2019, 10:00
Вернуться назад