DataLife Engine / Ҳукумат қурилишда коррупциянинг олдини олиш мақсадида янги қарор қабул қилади

Ҳукумат қурилишда коррупциянинг олдини олиш мақсадида янги қарор қабул қилади

Қурилиш вазирлиги “Қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингини аниқлаш ва юритиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини тайёрлади.

Қарор лойиҳасида қуйидаги масалалар назарда тутилмоқда:

биринчидан, объектлар қурилишида иштирок этаётган Қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингини аниқлаш ва юритиш тартибини белгиловчи низом тасдиқланиши билан соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, пудрат ташкилотларини аниқлаш бўйича ўтказиладиган танлов савдоларининг шаффофлигини таъминлашга қаратилган янги механизм жорий этилади.
Шунингдек, мазкур қарорда соҳада коррупциянинг олдини олиш мақсадида Қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингини аниқлаш ва юритилиши устидан мониторинг юритиш бўйича Кузатув кенгаши ташкил этилиши белгиланган.

Иккинчидан, ушбу механизмни тўлақонли ишлашини таъминлаш мақсадида Қурилиш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасидаги Пудрат ишлари бозорини мувофиқлаштириш бошқармаси таркибида Қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингини аниқлаш ва юритиш бўлимини ташкил этиш ҳамда бунинг учун қўшимча 4 та штат бирликлари (бўлим бошлиғи, 2 та бош мутахассис, 1 та етакчи мутахассис) ҳамда 2 та автотранспорт воситаси ажратиш кўзда тутилган.
Мазкур қарорнинг қабул қилиниши натижасида қурилиш-пудрат ташкилотлари фаолиятини кенгайтириш, қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини ошириш ва пудрат ишлари бозорини ривожлантириш учун имкониятлар яратилади.
Қайд этилишича, ушбу қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилиши талаб этилмайди.
12-11-2019, 11:07
Вернуться назад