Главная > Долзарб мавзу / Jamiyat > Дин байроғи остидаги ҳар қандай бузғунчилик ижтимоий барқарорликни издан чиқаради

Дин байроғи остидаги ҳар қандай бузғунчилик ижтимоий барқарорликни издан чиқаради


10-10-2019, 06:00. Разместил: admin

Бугунги кунда энг замонавий технологиялардан, кишилар учун муқаддас ҳисобланган туйғулардан фаол фойдаланган ҳолда инсон онги ва қалби учун олиб борилаётган кураш ўта нозик, хатарли кўлам касб этмоқда. Турли мутаассиб кучларнинг динимиз асосларини, Қуръони карим оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиш, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни ислом билан боғлашга уринаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.


Мазҳабларни бутунлай рад этиш, замонавий мусулмон жамоаларини исломийликни йўқотганликда айблаш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлудларини нишонлашни нотўғри, деб ҳисоблаш ҳам экстремистлар ўз ғоявий бузғунчилигида алоҳида эътибор бераётган масалалардан ҳисобланади.

Воқелик шуни кўрсатмоқдаки, Ер юзининг турли нуқталарида давлатга қарши тарғибот олиб бориш, жамият асосларини, мамлакатдаги тинчлик ва тартибни, мавжуд тузум ва бошқарув тизимини издан чиқаришда ҳам ислом дини ғояларини ғаразли талқин этиш услубидан фаол фойдаланилмоқда.

Дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилаётгани, наркобизнес ва ноқонуний қурол-яроғ савдоси амалга оширилаётгани, корхоналар ва иншоотларга зарар етказилаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бундай ҳаракатлар ижтимоий барқарорликнинг издан чиқишига, миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик, диний айирмачилик кайфиятларининг шакилланишига замин яратмоқда.

Жаҳолат, ҳаддан ошиш, ғулувга кетиш, фирқа ва ҳизбларга бўлиниш, фитна ҳамда хиёнат замонавий экстремизимнинг асл қиёфасини намойиш этувчи хусусиятлардан ҳисобланади. Қасам ичириб, унга қатъий риоя қилишни талаб этиш, зулм ва зўравонлик, маънавий-руҳий босим ва тазйиқ ўтказиш билан инсон иродасини синдириш, берилган кўрсатмани сўзсиз ижро этишга тайёр манқуртга айлантириш услублари, технологияларини такомиллаштириб бораётганлари эса мутаассиб кучларнинг ўз ниятлари йўлида ҳар қандай разил ишлардан тап тортмаслигидан далолат беради.

Бугун ҳам экстремистик гуруҳлар ўзининг мудҳиш фаолиятини давом эттираётгани замонамиз уламоларини мазкур масалага яна мурожаат қилишга, ислом оламининг йирик ва обрўли ташкилотларини махсус фатволар ва қарорлар қабул қилишга мажбур этмоқда. Улар билан танишиш мусулмонларга мавжуд ҳаракатларнинг миқёси ва кўламини англашга ёрдам беради. Лоқайдлик ва бефарқликка йўл қўймасликка ундайди.


Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг

Самарқанд вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби.


Вернуться назад