Главная > Долзарб мавзу / Siyosat > Тўртинчи секторда иш қандай?

Тўртинчи секторда иш қандай?


18-05-2019, 13:45. Разместил: admin
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига кўра ҳокимликларнинг жойларда ишни ташкил этишнинг мутлақо янги тизими - секторлар фаолияти йўлга қўйилди. 

Уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, архитектура, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакллантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тадбирларни ўтказиш, ижтимоий муҳофазанинг манзиллилиги, истеъмол бозорида нархларнинг барқарорлиги, ижтимоий соҳа объектлари, энг аввало, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муассасаларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш каби масалалар сектор раҳбарларининг доимий назоратида бўлиши белгилаб берилди.


Туман давлат солиқ инспекцияси бошчилик қиладиган 4-сектор ҳудуди умумий майдони 4014,5 гектардан иборат бўлиб, унинг таркибига 13 та маҳалла фуқаролар йиғинлари киради. Ҳудудда 9 145 та хонадонда 51 минг 800 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 5 та мактабгача таълим муассасаси, 27 та умумтаълим мактаби, 11 та соғлиқни сақлаш объектлари ва 3 та касб-ҳунар коллежлари ҳам айнан шу ҳудудда фаолият олиб боради.


- Сектор иш фаолиятини маҳаллаларда уйма уй юриш ва аҳоли билан суҳбатлашиш йўли билан вазиятни комплекс ўрганишдан бошладик, - дейди сектор раҳбари Акбарали Қулмирзаев. - Натижада ҳудуддаги ҳақиқий ҳолатни аниқлаш имконияти яратилди. Шунга асосан аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида зарурий чора-тадбирлар кўрилиб, яқин, ўрта ва узоқ муддатли "Йўл хариталари" ишлаб чиқилди. Маҳаллий шароитда ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммолар аниқлаб олинди. Маълум миқдорда моддий маблағ ва вақт талаб қилинадиган муаммолар ажратиб олиниб, туман штабига маълумот берилди. Бугунгача сектор ҳудудида турли жойларда 5 марта сайёр қабуллар ўтказилди. Фуқароар билан учрашувлар давомида 50 дан ортиқ турли мурожаатлар келиб тушди. Улардан 15 дан ортиғи жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатларнинг ечимини топиш бўйича ўрганиш ва бартараф этиш ишлари давом этмоқда. 


Ҳудудда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилаётган бўлсада, бу борада ишлар анча суст ташкил қилинган. Гарчи бугунгача ушбу йўналишда 50 дан ортиқ фуқароларга банк кредит маблағини жалб қилиш бўйича тегишли тавсиялар берилган бўлсада, улардан 26 тасигина умумий қиймати 500 миллион сўмдан кўпроқ кредит маблағи олишга эришган, холос. 


Ҳудудда аҳолини  ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш, кам таъминланган, иқтисодий ночор оилалар ҳолидан хабар олиш ишларини жадал ривожлантириш талаб қилинади. Ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, табиий газ, электр энергияси таъминотидаги узилишларни бартараф этиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича қатор ишларни амалга ошириш талаб қилинади. Ҳудуддаги асосий ва ички йўллар ҳам таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Ҳозирда сектор раҳбарияти тегишли ташкилотлар ёрдамида бу муаммоларни бартарф этиш устида иш олиб бормоқда. Жумладан, ҳозирда Жизмонсой маҳалласи ҳудудидан ўтувчи йўл таъмирланмоқда. 


Секторнинг тўлақонли фаолият олиб боришини таъминлаш мақсадида, унга тегишли бино ажратиб берилди. Ҳозирга келиб бу бино замонавий дизайн асосида тўлиқ таъмирдан чиқарилди ҳамда барча керакли инвентар ва оргтехникалар билан таъминланди. Секторда унинг бошлиғи ва котибидан ташқари тегишли ташкилотлар кесимидаги 23 та ходим бириктирилган бўлиб, улар доимий фаолият олиб бормоқда. Уларга ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришдек жиддий талаб қўйилмоқда.


Ўйлаймизки, ушбу сектор вакиллари зиммаларига юкланган масъулиятли вазифаларни бажаришга бор куч ва билимини сафарбар этадилар. 
Ғ.ҚАРШИЕВ.
Ўз мухбиримиз.

Вернуться назад