Главная > Долзарб мавзу / Madaniyat > Нодон келиннинг хатоси

Нодон келиннинг хатоси


30-04-2019, 15:49. Разместил: admin
Жамоат жойида ҳар бир инсондан муомала маданияти, жумладан, сўзлашиш одобига риоя этиш талаб этилади. Чунки, сўзлашиш одоби инсоннинг маънавий қиёфасини белгилаб беради, десак янглишмаймиз. Лекин орамизда ушбу қоидаларни четлаб ўтадиганлар ҳам  йўқ эмас.

Яқинда бекатда автобус кутиб турганимда шундай ҳолатнинг гувоҳига айландим. Бекатга келган бир аёл автобус кутиб турган ёш жувон билан қуюқ сўрашганидан уларнинг ўзаро қариндош эканлиги маълум эди. Уларнинг овозларини баландлатиб сўзлашиши, атрофдагиларнинг эътиборини тортарди. Гап жувоннинг касалманд қайнонаси ҳақида борарди.


- Э, шу қайнонам ўлмади-ю мен қутулмадим, - деди жувон қариндош аёлга. - Kасал боқишдан чарчадим. Бир томонда иккита ёш болам, иккинчи тарафда феъли тор эрим, ҳаммаси жонимга тегди. Қачон менинг ҳам кўкрагимга шамол тегади?!


- Тушунаман, касал боқиш осон эмас, лекин на илож? Чидашга мажбурсан, - деди наригиси унга жавобан.


Суҳбат тобора авжига чиқар, улар атрофдагиларни деярли унутиб қўяёзганди.


- Маза, маза овсинимга маза-да. Алоҳида тургани учун кунора келиб хабар олиб, ҳол-аҳвол сўраб кетади. Аммо барча оғирлик менинг зиммамда. Kеча қайнонамнинг кўнгли чучвара тусаб қолибди. Ишга кетаётган турмуш ўртоғим онасига чучвара пишириб беришимни тайинлаб кетди.


- Ҳойнаҳой пиширмаган бўлсанг керак?


- Қаёқда дарров хамир қориб, тушликкача тайёр қилдим. Ликопчага хамир четидаги ҳамма "брак"ларини солиб бердим.


- Боплабсан, энди қайтиб чучвара "заказ" қилмайди. Kейин нима бўлди?!


Шу пайт бекатга автобус келди. Хайрият, улардан қутуламан, деб ўйладим. Афсуски, иккала аёл ҳам айнан шу автобусга чиқишди. Суҳбатлари энди автобус ичида давом этарди.


- Ликопчани олгани кирганимда, қайнонам "Чучвара ширин бўлибди, қўлингиз дард кўрмасин", деб мақтаб дуо қилди.


- Бу ишингдан эринг хабар топмадими ё қайнонанг ҳаммасини айтиб беришга улгурдими?

- Йўқ, келин бўлиб тушганимдан бери қайнонам бирон марта ҳам ўғлига устимдан шикоят қилмаган. Kечқурун ишдан қайтган хўжайним "Чучвараларни бирга ўтириб еймиз", деб лаганни кўтариб қайнонам олдига олиб кирди. Қайнонам эса "Мен боягина егандим, қорним тўқ. Болам бемалол овқатланавер", деди. Ҳозир ҳаммасини айтиб берадими, деб ҳадиксираб тургандим. Лекин бошқа гап-сўз бўлмади. Бўлмаса эрим қилмишим учун кунимни кўрсатарди...

Ҳалигача мени бир савол қийнайди: наҳотки бу жувон қилмишлари бир кун келиб, ўғил-қизи, келинидан қайтиши, қайнонаси аҳволига тушиб қолишидан қўрқмаса? Ахир, буни "қайтар дунё" дейдилар. Билиб-билмай хатога йўл қўяётган қизининг қилмишларидан ота-онаси бехабардир. Бироқ, ёши бир жойга борган қариндош аёл унга танбеҳ бериб, тўғри йўлга бошласа бўларди-ку! Мен ёши катта, ҳаётий тажрибага эга бу аёлдан бу ёш жувонга насиҳат қилишини истагандим. Шуни асло унутмаслик керак: қайнона бегона эмас, балки онадир. У сизнинг бир умрлик йўлдошингизни дунёга келтирган онаси. Демак, уни қанчалик ҳурмат қилсангиз, аввало, турмуш ўртоғингизни ҳурмат қилган бўласиз.

Ф. МАҲМУДОВА


Вернуться назад