DataLife Engine / Банкротлик ишларини кўриб чиқиш, унинг ўзига хос жиҳатлари

Банкротлик ишларини кўриб чиқиш, унинг ўзига хос жиҳатлари

Ижтимоий ҳаётдаги ҳар қандай ҳодиса ва жараёнларни назарий таҳлил қилмасдан, назарий асосини яратмасдан, қолаверса, ҳуқуқни тартибга солувчи функциясини кундалик турмуш тарзимиз мезонига айлантирмасдан туриб жамиятни демократлаштириш ва ислоҳ қилиш йўлидаги муаммоларни ҳал қилиш қийин бўлади. Банкротлик институти - хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги муносабатлар амалиёти ва ҳуқуқий тартибга солиш тизимида нисбатан янги институт бўлиб, бозор иқтисодиёти шароитида унинг ўрни ва ривожи алоҳида аҳамият касб этади. Тўловга қодир бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг банкротлик механизимини шакиллантириш Ўзбекстон иқтисодиётини ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ушбу механизм ёрдамида самарасиз бўлган мулкдорларни алмаштириш, корхоналарни тугатиш, ижтмоий муҳим аҳамият касб этадиган ва даромад келтирадиган корхоналарни сақлаб қолиш, мулкчилик муносабатларининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда иш билан бандликни кафолатлаш мақсади назарда тутилади. Банкротлик институти қуйидаги усуллар билан иқтисодиётга таъсир қилиши ва соғломлаштириши мумкин: 1. Тўловга қодир бўлмаган қарздорларни тижорат фаолиятини тугатиш; 2. Иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган хўжалик юритувчи субъектларга ўз фаолиятини қайта ташкил қилиш ва тўлов қобилятини тиклашга имконият бериш орқали. Аммо, банкротлик деб аталган ҳолат тадбиркорларнинг узлуксиз фаолиятига хавф солиши билан бирга, давлатнинг иқтисодий ривожига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, банкротлик (иқтисодий ночорлик) - бу иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбурияти буйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги тушунилади.
Агарда қарздор тегишли мажбуриятлар ва тўловлар мажбурияти юзага келган кундан эътиборан уч ой давомида мажбуриятларини бажармаса, уни банкротлик аломатлари деб эътироф этишга асос бўлади. Банкротлик тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятини лозим даражада йўлга қуймаганлиги, бизнес тавакалчиликлари ёки молиявий ҳисоб-китоб маданиятига амал қилмаганлиги натижасида юзага келганда, суд томонидан тадбиркорлик субъектини соғломлаштириш ва фаолиятини тиклаш чоралари кўрилади.
Шунингдек, банкротлик ҳолати юзага келган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳаммасини ҳам иқтисодий  жиҳатдан ночорлиги, тўловга қобилятсизлиги учун ўз-ўзидан банкрот ҳолатига келиб қолган деб бўлмайди.
Хўжалик юритувчи субъектлар уларнинг муассислари ёки раҳбарлари томонидан корхонани сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш ҳаракатларини содир этади. Бундай ҳолатлар ушбу корхона, ташкилотларнинг муассислари ёки раҳбарлари томонидан ўз ҳаракатларини англаган ҳолда содир этилади. Яъни, давлат олдидаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қочиш, тўламаслик ёки бошқа хўжалик юритувчи субъект олдидаги қарзини тўламасликни мақсад қилади.
Ушбу ҳаракатлар учун банкрот корхонанинг муассислари ёки раҳбарларига нисбатан қонунчиликда қуйидаги жавобгарлик чоралари белгиланган. Ўзбекистон Республикаси "Жиноят кодекси"нинг 180-моддасида сохта банкротлик учун, 181-моддасида банкротликни яширганлик учун ва 1811-моддасида қасддан банкротликка олиб келганлик учун жиноий жавобгарлик, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси"нинг 1791-моддасида қасддан банкротликка олиб келганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Иқтисодий судлар томонидан суд мажлисларида банкротлик ишларини кўриб чиқиш жараёнида юқорида қайд этилган қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаган тақдирда, иш якуни бўйича ҳал қилув қарори билан биргаликда тегишли прокурорга ҳусусий ажрим чиқариш йўли билан банкрот корхонанинг муассислари  ва раҳбарларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш, уларнинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш, етказилган зарарларни улардан ундириш каби чоралар кўрилади.
Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар замирида тадбиркорлик субъектларига берилаётган улкан имтиёзлар билан бир вақтда уларнинг жавобгарликлари ҳам кучайтирилмоқда. Жумладан 2019 йил 28 майдаги "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни билан сохта банкротлик, банкротликни яшириш ҳамда қасддан банкротликка олиб келганлик учун жиноий ҳамда маъмурий жазо чоралари кучайтирилди.
Тадбиркорлик субъектлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг қонунларга оғишмай риоя қилишлари ҳамда банкротлик билан боғлиқ қонунбузилиш ҳаракатларини содир этилишига йўл қуймаслиги уларнинг барқарор фаолият юритиши кафолати ҳисобланади.
Й.НОРБЕКОВ,
Каттақўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси.
Р.БЕГИМОВ, судья.
12-02-2020, 08:53
Вернуться назад